АсосийМАДАНИЯТ

Халқаро муғом фестивали ғолиблари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди

Жорий йилнинг 18-25 июнь кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида “Муғом олами” VI...

Жорий йилнинг 18-25 июнь кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида “Муғом олами” VI халқаро фестивали ўтказилди ва унда юртимиз вакиллари муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Бу ҳақда Туризм ва маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Айтилишича, ушбу халқаро фестивалда Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Миср каби 20 дан ортиқ давлатлардан 70 нафардан ортиқ қатнашчилар иштирок этишган. 

Мазкур фестивал икки турдан иборат ўлиб, тур якунларига кўра, фестивалда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти “Мақом хонанадалиги” кафедраси ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Моҳичеҳра Шомуродова Гран-При, мазкур институтнинг “Мақом чолғу ижрочилиги” кафедраси 2-босқич талабаси Шоҳжаҳон Ёриев 2-ўринни ҳамда Бухоро намунали мақом ансамбли хонандаси Дўстмурод Негмуродов 3-ўринни эгаллади.

Халқаро фестивалда ғолиб бўлган Ўзбекистонлик иштирокчиларни 2023 йил 27 июнь куни соат 02:30 да Ислом Каримов номидаги Халқаро аеропортида тантанали кутиб олинди.

Тантанали кутиб олиш маросимида маданият ва туризм вазири О.Назарбеков, Ўзбек Миллий мақом санъати маркази директори С.Бегматов, таниқли санъаткорлар Ўзбекистон халқ артистлари Муножат Йўлчиева, Абдуҳошим Исмоилов ва бошқа ижодкорлар, мақом ансамбли, раққоасалар, карнай-сурнай жамоаси оммавий ахборот воситилари вакиллари қатнашди.

Ўтказилган қисқача митингда сўз олган маданият ва туризм вазири О.Назарбеков фестивал иштирокчиларини муваффақиятлар билан қутлади:

"Бу ҳар қанча олқишга, ҳар қанча эътирофга, ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ натижадир!

Табиийки, “Бундай муваффақиятларнинг замирида нима ётибди?”, деган ҳақли савол ўртага ташланса, мен ҳеч иккиланмай айтган бўлардимки: бу ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг маданият ва санъат соҳасига, хусусан, мақом санъатини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътиборлари натижасидир.

Айнан давлатимиз раҳбари туфайли мақом санъати яна халқимизга қайтди. Ўзбек миллий мақом санъатини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, катта ишлар бошланди. Халқаро мақом санъати анжумани ташкил этилди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази фаолияти йўлга қўйилди. Таълим муассасаларида мақом сирлари ўргатилмоқда. Ва, албатта, ана шу эзгу ишлар бугун ўз меваларини бермоқда. Таъбир жоиз бўлса, мен Янги Ўзбекистон даврини мақомнинг қайта туғилган даври деган бўлардим. 

Фурсатдан фойдаланиб, халқаро фестивалда Ватанимиз номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшган барча ижодкорларимизга чин дилдан ташаккур изҳор қиламан! Ғолиб санъаткорларимизнинг устозларига, оила аъзоларига ҳам миннатдорлик билдираман".

Маълумот учун: “Муғом олами” VI халқаро фестивали муғом ва унга яқин бўлган мусиқалар (мақом, муқам ва бошқалар) ижрочилари ўртасида ҳар икки йилда ўтказилади. Фестивалнинг ташкилотчилари Ҳайдар Алиев жамғармаси, Озарбайжон мадания ва туризм вазирлиги ва Озарбайжон композиторлар уюшмаси ҳисобланади. Мазкур фестивал биринчи марта 2009 йил 15-25 март кунлари Боку шаҳрида ўтказилган.

    Бошқа янгиликлар