Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Туркия Республикаси парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув кун тартибидан аввало парламентлараро алоқалар, шунингдек, савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, аграр, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг суръати икки мамлакат етакчиларининг расмий ташрифлари ва мунтазам мулоқотлари натижасида янги босқичга кўтарилиб бораётгани, бунда Ўзбекистон – Туркия стратегик шериклик кенгашининг ўрни алоҳида экани қайд этилди.
Икки давлат муносабатларида парламентлараро ҳамкорликнинг аҳамияти ортиб бораётгани, кейинги йилларда мунтазам мулоқотлар ва ташрифлар фаоллашгани ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Олий Мажлиснинг Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, парламентларнинг тегишли қўмиталари ўртасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, инновация, банк-молия, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда мулоқотларни давом эттириш ҳар иккала мамлакат учун манфаатли эканига урғу берилди.
Жумладан, Фуат Октай “Ўзбекистон ўлкаси барчамиз учун ягона туркий цивилизациянинг бош булоғи бўлиши билан бирга, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда энг муҳим ташаббуслари билан марказий стратегик роль ўйнаётган давлат, деб биламиз. Давлатларимиз ўртасидаги турли йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга оид парламентлараро ҳамкорлик қанчалик зич ва фаол бўлса, икки томонлама кенг қамровли мулоқотимиз натижалари шунчалик самарали ва бардавом бўлади. Шу маънода биз қардош Ўзбекистонни яқин даврда Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясининг тўлақонли аъзоси сифатида кўришга катта умид боғлаймиз”, деб таъкидлади.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ҳам Фуат Октай билан учрашув ўтказди.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида кечган учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг кенгайиши, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда "Ўзбекистон-Туркия" парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолияти ва унинг доирасида амалга оширилаётган қатор ижобий ишлар эътироф этилиб, унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.





