АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев "Турон" стадионидаги янгиланишлар билан танишди

Нукусда реконструкция қилинган "Турон" стадионида 12 минг томошабинга мўлжалланган замонавий спорт мажмуаси барпо этилди.

'Шавкат Мирзиёев "Турон" стадионидаги янгиланишлар билан танишди'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳрида реконструкция қилинган "Турон" стадиони билан танишди.

Янгиланган мажмуа ҳудудда оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш ҳамда спортчиларнинг тайёргарлик даражасини ошириш учун янги имкониятлар яратди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 118,6 миллиард сўмни ташкил этади. Реконструкция натижасида стадион сиғими 9,3 мингдан 12 минг ўринга етказилди. Мажмуада 85 нафар кишининг доимий бандлиги таъминланди.

"Турон" стадиони "Арал" профессионал футбол клубининг базаси ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда Республика футбол академиясининг 190 нафар тарбияланувчиси мунтазам машғулот ва ўқув йиғинларини ўтказмоқда.

Мажмуада иккита спорт зали ва иккита қўшимча стадион, академия тарбияланувчилари учун 196 ўринли ётоқхона, 84 ўринли ошхона, тренажёр заллари ҳамда тактик таҳлил хоналари ташкил этилган.

Шунингдек, енгил атлетика, бокс ва таэквондо билан бир вақтнинг ўзида 100-150 нафар спортчи шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилган.

Стадионда оммавий ахборот воситалари учун махсус платформалар, офсайд камераларини ўрнатиш нуқталари ҳамда марказлашган VAR тизими учун алоҳида зона ташкил этилган.

Давлат раҳбари мажмуадаги шароитлар билан танишиб, Қорақалпоғистонда спорт, хусусан, футболни ривожлантириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Президент шу ерда машғулот ўтаётган ёш спортчилар билан суҳбатлашиб, улар билан эсдалик учун суратга тушди.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев "Турон" стадионидаги янгиланишлар билан танишди - Darakchi.uz