Қорақалпоғистоннинг 20 минг гектар яйлов майдонида Миср тажрибаси асосида озуқа етиштириш йўлга қўйилади. Бу ҳақда 19 сентябрь куни Нукусда ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Ҳудудда 4,3 миллион гектар яйлов мавжуд бўлса-да, 2,5 миллион гектаридан самарали фойдаланилмаяпти. Дастлаб 20 минг гектарда озуқа етиштириш йўлга қўйилиб, бунинг учун Мисрдан мутахассис ва технологиялар жалб этилади.
Шунингдек, Бўзатовда 7,5 минг гектар ерни ўзлаштиришга 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштириш учун ҳар гектарга 500 минг сўмдан субсидия бериш белгиланмоқда.
Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 1–2 минг бошли комплекслар ташкил этиш учун кредит лимити 50 миллиард сўмгача оширилади. Наслли буқаларни самолётда олиб келиш харажатларининг 10 фоизи, ҳар бош учун 4 миллион сўмгача субсидияланади.
Бир ой ичида жами 100 минг бош чорвага мўлжалланган янги комплекслар лойиҳалари шакллантирилади.






