Ўзбекистон ҳукумати делегацияси жорий йилнинг 18 июль куни Озарбайжон Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
Боку шаҳрида 19 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегациясини қабул қилди.
Суҳбат аввалида Бош вазир Илҳом Алиевга Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўз навбатида, Озарбайжон раҳбари мамлакатимиз етакчисини ва бутун халқимизни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаб, халқимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Бош вазири мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб Президент Илҳом Aлиев табриклаганини билдириб, бу Давлатларимиз раҳбарлари ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, Олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар изчил амалга ошириляпти. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётир. Нефт ва газ, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати ҳамда бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари ҳаётга мувафаққиятли тадбиқ этилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.