АсосийСИËСАТ

Тошкентда янги аэропорт йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг боришига бағишланган тақдимот билан танишди.

'Тошкентда янги аэропорт йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатади'ning rasmi

Тақдимотда 2030 йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва хизматлар экспортини 5,7 миллиард долларга етказиш режалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард доллар бўлган янги аэропорт мажмуаларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Янги Тошкент халқаро аэропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланиб, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ва муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари бошланган.

Янги Бухоро халқаро аэропортида эса аэродром инфратузилмаси барпо этилмоқда. Йўловчи терминалини қуриш ва бошқариш учун хусусий шерикни жалб қилиш бўйича халқаро тендер ўтказилмоқда.

Шунингдек, Урганч ва Наманган аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аэропортини эса хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Автомобиль йўллари бўйича эса қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган Тошкент – Самарқанд пулли автомобиль йўли қурилиши бошлангани таъкидланди. Урганч – Хива йўналишидаги илк пулли автомобиль йўли ҳам ишга туширилган.

Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ пулли автомобиль йўллари бўйича инвесторларни аниқлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Темир йўл тармоғининг ўтказувчанлигини ошириш учун Мактаарал – Сирдарё, Ангрен – Поп, Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон, Тошкент – Самарқанд ва Тўқимачи – Ангрен йўналишларини модернизация қилиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, 200 миллион доллар йўналтирилиши ҳисобига ушбу участкаларнинг ўтказувчанлигини 25–30 фоизга ошириш мумкин.

Шу билан бирга, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темир йўл барпо этиш, ҳудудлардаги темир йўл тармоқларини кенгайтириш ва электрлаштириш лойиҳалари бўйича ахборот берилди.

Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш доирасида Каспий денгизидаги Оқтау, Туркманбоши ва Боку, Қора денгиздаги Поти ва Анаклия портларида Ўзбекистон иштирокида логистика инфратузилмасини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, Поти портида логистика марказини ташкил этиш бўйича битим имзоланган. Айни пайтда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда.

Тақдимотда юк ташиш соҳасини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, юк ташиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши ҳали ҳам 42 фоиздан юқори.

Шу муносабат билан ягона рақамли транспорт тизимини яратиш, ташувчилар реестрини шакллантириш, электрон йўл варақаси ва буюртмаларни қабул қилувчи агрегатор хизматини жорий этиш таклиф қилинди.

Президент лойиҳаларнинг муддатлари, молиялаштириш манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаб, уларни ўзаро уйғун ҳолда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Масъулларга муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда янги аэропорт йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатади - Darakchi.uz