Саёҳатчи одамлар ҳар турли бўлади. Кимдир борадиган мамлакатининг маъданиятига қизиқса, яна кимдир табиати ёки замонавий шаҳарсозлик намуналарини кўрмоқчи бўлади. Бошқа тур саёҳатчилар тарих шинавандаси. Яна шундай саёҳатчилар борки, улар юқорида санаганларимизни бир жойда кўришни истайди. Ана шундай сайёҳлар учун ҳеч иккиланмай Озарбайжон ва унинг пойтахти Боку шаҳрини таклиф қилиш мумкин.

Боку Каспий денгизининг ғарбий қирғоғида, Абшерон ярим оролининг жанубида жойлашган тарихий шаҳар. Боку шамоллар шаҳри деб ҳам аталади. У қуруқ субтропик иқлимга эга. Умумий майдони 2130 км2 бўлиб, 11 маъмурий тумандан иборат.
Шаҳар ҳақида қизиқарли маълумотларни жуда кўп ва хўп келтириш мумкин. У замонавий услубдаги музейлари, театрлари, концерт заллари, Денгиз бўйи миллий боғи, шунингдек, миллий ва хорижий таомлари билан ажралиб туради. Қадимги Боку бир пайтлар савдо ва нефт қазиб олиш маркази бўлган. Бироқ Бокуда шундай жой борки, сайёҳлар уни албатта кўриши керак. Бу шаҳар тимсолига айланган Қиз қалъаси…

Тарихнинг ўчмас илдизи
Қиз қалъасининг қурилган санаси номаълум. Қалъанинг тепа қисмидан киришнинг ўнг тарафида икки қатор куфи ёзувли тошли плита ўрнатилган. Унда „Масуд ибн-Давуд губбаси (гумбаз, қубба)“ деган ёзув бор. Узоқ вақт давомида бу ёзувдан келиб чиқиб, минорани ХII асрга тааллуқли деб ҳисоблашган. Лекин бу плита миноранинг асосий кириш жойидан эмас, ён томонида, ердан 14 метр баландликда ўрнатилган. Тахминларга кўра, плита минора ойнасини ёпиш учун фойдаланилган қабр тош ёки қурилмани таъмирлаган уста исмини ёзиш учун қурилган.
Минора икки босқичда қурилган. Биринчиси тахминан ислом дини кириб келишидан аввал ёзувлар эса кейинги, аниқроғи ХII асрга тегишли.
ХVIII—ХIХ асрларда Қиз минораси маёқ сифатида фойдаланилган. Маёқ 1858 йилнинг 13 июнида ёна бошлаган, ундан аввал эса, минорада қалъа байроғи бўлган. Кейинчалик шаҳар бинолари баландлигининг ошиши билан маёқ чироқлари ҳам шаҳарнинг тунги чироқлари билан аралашиб кетади ва 1907 йилда маёқ Наргин оролига кўчирилди.
1964 йилда Қизлар минораси музей сифатида рўйхатга олинган. 2000 йилда эса ЮНЕСКО нинг Умумжаҳон мерос обекти рўйхатига киритилган. Сўнгги маротаба минора 2012-2013 йилларда қайта таъмирланган.

Нега айнан Қиз қалъаси?
Қиз қалъасини пайдо бўлиши ҳақида кўпгина афсоналар мавжуд. Уларнинг аксарияти „Қиз“ сўзининг маъноси билан боғлиқ. Афсоналарнинг бирига кўра, шоҳ ўз қизини суймаган инсонга турмушга бермоқчи бўлади. Ўзини бундай тақдирдан халос қилиш ва отасини бундай фикрдан қайтариш учун, қиз шоҳдан қалъа қуриб беришни сўрайди. Қалъани қуриш якунланганида шоҳ ўз фикридан қайтмайди ва шунда қиз қалъага чиқиб ўзини денгизга отади. Қиз йиқилиб тошга урилган. Кейинчалик бу тошни „Қизлар тоши“ деб номлашган ва қизлар келин бўлганида шу тошга гул қўйишган. Бу афсонанинг бошқа варианти ҳам мавжуд: қиз ўзини денгизга отганидан сўнг, унинг қаллиғи қиз учун қасдини олиб шоҳни ўлдиради, лекин қизни сув парилари қутқариб қолган бўлади. Бироз вақтдан сўнг севишганлар бир бирини топишади ва турмуш қуришади.

Бошқа бир ривоятда, Қиз қалъаси яқинида Исо пайғамбарнинг ўн икки апостолларидан бири авлиё Варфоломей қатл қилинган. Боку ҳудудида Варфоломей I асрларда бутпараст қабилаларга христианликни тарғиб қилиб келиб қолган. Варфоломей тарғиботлари рад этилиб, уни Қизлар қалъаси деворлари олдида қатл қилинган. Қизлар қалъаси ёнида қазилмалар олиб борилганида, апостол ўлган жойида қурилган базиликасимон қадимий ибодатхона қолдиқлари топилган. Лекин манбаларга кўра, Варфоломей ўлган Албанопол шаҳрининг аниқ жойлашуви ҳақида турли талқинлар мавжуд.
Сирларга бой қалъа
Қиз қасрининг сири шундаки, у ҳақидаги ривоят ва фактлар аралашиб кетган. Ҳар бир версия атрофида турли хил афсоналар ва ҳикоялар мавжуд. Қиз минорасининг мақсади ҳақидаги баҳслар шу пайтгача давом этиб келмоқда. Ҳар бир версия тарафдорлари янги далилларни илгари сурадилар. Шубҳасиз, буларнинг барчаси ёдгорликнинг аҳамиятини ошириб, у ҳақидаги билим ва маълумотларни янада бойитади.

У узоқ ўтмишда қурилган бўлса-да, у ажойиб кўриниш, гўзаллик ва эстетик мезонларга тўлиқ мос келади. Буни қадрлаш ва тушуниш учун профессионал тарихчи ёки меъмор бўлиш шарт эмас.
Қиз қалъаси қия тош устида тургани учун қалъанинг баландлиги шимолдан 31 метр, жанубдан 28 метрни ташкил қилади. Қалъанинг денгиз томонида таянч деб аталадиган катта, узун девори бор. Шимол томонида Қиз қалъасининг девор юзаси чуқурчага чиқиб кетган. Унинг деворларининг қалинлиги 5 метрни ташкил қилади. Қалъанинг денгиз томон деворида мазгаллар (деразалар) қилинган. Қалин қалъа деворларидаги тешиклар ичкарига кенгайганлиги сабабли улар иккаласи ҳам қалъанинг ички қисмини ёритиб, тоза ҳаво оқими билан таъминлаган.

Қиз қалъасида Бухоро карвонсаройи борлигини билармидингиз?
Шарқ меъморчилигининг муҳим элементларидан бири карвонсаройлар бўлган. Шарқнинг бирор бир шаҳри йўқки, унда карвонсарой бўлмаса.
Барча карвонсаройлар икки турга бўлинган: очиқ ва ёпиқ. Ёпиқ карвонсаройлар хавф туғилганда ҳужумни қайтаришга хизмат қилган қодир. Бу қалъа девори билан ўралган бир ёки икки қаватли бинолар бўлган. Ичкарида ҳайвонлар учун омборхоналар, отхоналар ва қўралар, шунингдек, тўғридан-тўғри яшаш жойлари қурилган.
Очиқ карвонсаройлар шаҳарга хос бўлган. Унда чойхоналар, ҳаммомлар ва саёҳатчилар учун зарур бўлган бошқа кўплаб бинолар ва муассасалар қурилган.
Бокудаги Бухоро карвонсаройи очиқ карвонсаройга мисол бўла олади. У эски “Ичери шеҳер” шаҳрида, Мултани карвонсаройининг рўпарасида жойлашган. У ХV аср охирида Шомахи дарвозасидан ўтувчи савдо йўлида қурилган. Бу ерда асосан Ўрта Осиёдан, хусусан, Бухородан келган савдогар ва саёҳатчилар қолиб кетган, шунинг учун ҳам халқ уни Бухоро деб атаган.

Карвонсарой квадрат шаклга эга. Веранда дам олиш учун мослаштирилган. Якка тартибдаги яшаш учун алоҳида камералар бўлган. Бинонинг бутун периметри бўйлаб карвонсаройга янада таъсирчан қиёфа бахш этувчи лансет арклар жойлашган.
Хулоса қилиб айтганда, Боку ва ундаги Қиз қалъаси тарихнинг ўчмас илдизи. Ўтмиш сир-синоатларини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлган ҳар бир сайёҳ бу ерга келиши керак.
Маълумот учун, Darakchi.uz мухбири айни кунларда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази кўмагида ўтказилаётган медиа-тур доирасида ушбу давлатда бўлиб турибди. Медиа-тур давомида биз Озарбайжонни сиз билган ва билмаган қирраларини очишда давом этамиз.
Карим ЗАРИПОВ тайёрлади





