Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида айрим транспорт ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари ҳаракати чекланади. Янги тартиб 2026 йил 1 октябрдан кучга киради.
Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси орқали Лаби Ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда электроскутер, рикша, мопед, тўрт ғилдиракли велосипед, электросамокат, картинг, шунингдек, от ва туяларда ҳаракатланиш чекланади.
Қайд этилишича, тарихий ҳудудда йўловчи ташиш ва индивидуал ҳаракатланиш учун мўлжалланган турли воситалар сони сўнгги вақтларда кескин ошган. Бу пиёдалар ва сайёҳларнинг хавфсиз ҳаракатига салбий таъсир кўрсатиб, айрим ҳолларда жароҳатланишларга ҳам сабаб бўлган.
Шу муносабат билан масъул ташкилотларга тарихий ҳудудда қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган транспорт ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш топширилган.
Ҳудуднинг кириш ва чиқиш жойларига тегишли ахборот кўрсаткичлари ҳамда йўл белгилари ўрнатилади. Қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган воситаларда йўловчи ташиш ҳолатларига нисбатан белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланади.
Шунингдек, мазкур воситалар орқали хизмат кўрсатиб келаётган фуқароларга “Янги Ўзбекистон” боғи ва “Боқий Бухоро” боғи каби махсус ҳудудларда фаолият юритиш ҳамда ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари тушунтирилади.
Масъул ташкилотлар амалга оширилган ишлар юзасидан 2026 йил 1 ноябрга қадар умумлаштирилган ахборот киритиши белгиланган.






