Афғонистонда ёлғиз саёҳат қилган ҳиндистонлик блогер Арунима “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари томонидан бир неча соат давомида ушлаб турилди. Кейинчалик у қўйиб юборилган. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Маълум қилинишича, 1,2 миллиондан ортиқ Instagram ва 733 мингдан зиёд YouTube обуначисига эга Арунима Афғонистонга қарийб икки ҳафта аввал ёлғиз борган.
У 14 сентябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Ҳиндистон элчихонаси билан боғланишда ёрдам сўраб, “Илтимос, Ҳиндистон элчихонаси билан боғланишимга ёрдам беринг”, дея мурожаат қилган. Қарийб 24 соат ўтиб эса “Мен ҳозир хавфсиз жойдаман”, деб хабар қолдирган.
Блогернинг айтишича, уни “Толибон” аъзолари Афғонистон бўйлаб аёл кишининг ёлғиз саёҳат қилиши мумкин эмаслигини билдириб, ушлаб турган. У бир неча соат давомида қўрқувда бўлгани ва ҳатто ҳаётидан хавотир олганини айтган.
Арунима сафар давомида Афғонистондаги бозорлар ва чекка қишлоқлардан видеолар эълон қилиб борган. Унинг ижтимоий тармоқларида қуролланган шахслар томонидан тўхтатилгани акс этган видеолар ҳам тарқалган.
Блогернинг сўзларига кўра, назорат пунктларида ундан мунтазам равишда ҳужжатлари сўралган. Паспортни текширган қуролланган шахслар унга ёлғиз саёҳат қилмасликни тавсия қилган ва мамлакат вилоятлари бўйлаб ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома олиши кераклигини айтган.
“Мен бир неча соат давомида шу қадар хавотирландимки, ўлиб қолишим мумкин, деб ўйладим. Жуда қўрқиб кетдим”, деган Арунима.
Унинг айтишича, кейинчалик юк машинасига чиқиб, Бамиён шаҳрига етиб олган. Машинадан тушганида эса атрофдагилар унинг ёнига келган. Блогернинг таъкидлашича, Афғонистонда аёл кишининг кечаси ёлғиз юриши одатий ҳол эмас.
Арунима, шунингдек, аёлларнинг ёлғиз ҳаракатланиши чекланган бўлса, унга ёлғиз саёҳат қилиши маълум бўлган ҳолда нима учун виза берилганига ҳам савол қўйган.
Блогернинг сўзларига кўра, “Толибон” вакиллари уни мамлакат қонунларини бузганликда айблаб, яна ҳибсга олишлари мумкинлигини айтган. Арунима эса Афғонистондан депортация қилинишига ёрдам сўраган.
Ҳозирда у Эронга бориш учун виза кутаётганини, бироқ вазият сабаб Ўзбекистонга йўл олишини билдирган. Унинг айтишича, Афғонистондан Ўзбекистонгача бўлган масофа қарийб 500 километрни ташкил қилади. Блогер йўл давомида “Толибон” вакиллари томонидан қўшимча текширувларга дуч келишидан хавотирда.
“Толибон” вакиллари ҳамда Ҳиндистон элчихонаси ҳолат юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.






