1

Бугун барча телеканалларда “Абдулла Орипов” бадиий фильми намойиш қилинади

МАДАНИЯТ 01.09.2023, 13:22
Бугун барча телеканалларда “Абдулла Орипов” бадиий фильми намойиш қилинади

Тошкентдаги "Киночилар уйи"да “Абдулла Орипов” бадиий фильмининг катта премьераси ўтказилди. Премьерада дастлаб Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафаева ва фильм ижодкорлари саҳнага таклиф этилди. Агентлик директори Президент топшириқлари асосида яратилган фильмни суратга олишда кўмак берган барча ижодкорларга самимий ташаккурини изҳор қилиб, премьерани очиб берди.

Шундан сўнг Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа ая Мустафаева саҳнага чиқиб, ҳиссиётлари билан бўлишди.

«Фильм суратга олингани учун президент Шавкат Мирзиёевга, киноижодкорларга раҳмат айтаман. Бу воқеа мен учун ҳам изтиробли, ҳам фахрли. Тасаввур қилишим қийин», — деди Ҳанифа ая ва шоирнинг сўнгги йилларда битилган «Имтиҳон» шеърини катта саҳнада ўқиб эшиттирди.

Фильмда Абдулла Ориповнинг Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида ўтган ва ижодга илк қадам қўйган болалик йиллари, Тошкент шаҳрида ўтказган талабалик даврлари, ижод намуналарининг илк нашри, унинг шоир бўлиб шаклланишидаги ҳиссиётлари ва туйғулари, шоирга хос севгиси, машҳурликнинг келиши ва Америкада ўтган сўнгги йиллари очиб берилади.

Фильмда бош ролларни «Дўстлик» ордени соҳиби, Абдулла Ориповнинг шогирди, шоир Шодмонқул Салом ва маҳоратли актриса Райҳон Асадова ижро қилган. Шунингдек, Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилган.

Фильм бош режиссёри Музаффархон Эркинов, сценарий муаллифлари Абдуқаюм Йўлдошев ва Муқаддас Усмонова (Минхожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов иштирокида), бош оператор Равшан Мирзакамолов, Бош муҳаррир Эркин Аъзам, Бадиий раҳбар Шуҳрат Ризаев, бош продюсер Фирдавс Абдухолиқов.

«Абдулла Орипов - Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири бадиий фильмига келадиган бўлсак, бунинг масъулияти бир неча ҳисса баландроқ бўлди. Қайси маънода? Абдулла Орипов яқинда яшаб ўтган инсонлардан. У кишининг аёллари, фарзандлари, шогирдлари ҳаёт. Барчада ўзининг «Абдулла Орипов»и бор. 

Абдулла Ориповнинг исми бевосита Мустақиллик билан уйғунлигини ҳис қилдим ушбу фильмда. Фильм битгандан кейин ҳам шу нарсага амин бўлдим-ки, бу фильм нафақат Абдулла Орипов, балки Мустақиллик тўғрисида ҳам фильм бўлиб қолди. Ўзим ҳам кўрганда шуни айтдим. Чунки ўзимизнинг тарих, бир шоирни тақдири орқали Ўзбекистон тарихи ҳам қайсидир маънода очишга харакат қилдик», - дейди фильм режиссёри Музаффар Эркинов.

Маълумот учун, ушбу фильм 1 сентябрь куни барча телеканалларда эфирга узатилиши айтиб ўтилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1