Швециянинг Малмё шаҳрида Қуръони каримни ёқиш билан ўтказилган акциядан сўнг тартибсизликлар бошланди. Бу ҳақда SVT хабар берди.
3 сентябрь куни асли ироқлик муҳожир Салван Момика Малмё шаҳрида Қуръонни ёқиш билан навбатдаги акция ўтказди. Полиция маълумотларига кўра, 37 ёшли Момика маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида Вернҳемсторгет кўчасида Қуръонни ёқиб юборган.
Эркакнинг ҳаракатлари 200 га яқин одамнинг эътиборини тортган. Улардан бири эркакни тўхтатишга уринган, бироқ полиция уни қўлга олган. Акция давомида уч киши ҳибсга олинган.
Малмё полицияси ҳуқуқ-тартибот ходимларига тошлар отилганини ва ўнлаб машиналарга ўт қўйганини маълум қилиб, якшанба куни бошланган ва тун бўйи давом этган воқеаларни “шафқатсиз тартибсизликлар” деб таърифлади.