1

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль билан учрашув ўтказди

СИЁСАТ 20.09.2023, 08:10
Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль билан учрашув ўтказди

19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Азалдан яқин дўстлик ришталарига, халқларимизнинг менталитети, анъана ва қадриятлари ўхшашлигига асосланган икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш масалаларига тўхталди.

Кейинги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайди. Мамлакатимизда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланди.

Учрашувда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги  қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари Корея Президенти Юн Сок Ёлни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1