Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти билан танишди. Муассасада 260 нафардан зиёд иқтидорли ўғил-қиз таълим олишни бошлаган.
Мактаб-интернатда ўқув жараёнида STEM йўналишига — математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологияларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқувчилар ушбу фанларни чуқур ўзлаштириш билан бирга, лойиҳалар устида ишлаши, билимларини амалиётда қўллаши ва мустақил тадқиқотлар олиб бориши мумкин.
Хорижий тиллардан инглиз ва хитой тиллари чуқурлаштирилган тартибда ўқитилмоқда.
Шу билан бирга, ўқув дастурининг салмоқли қисми она тили, Ўзбекистон тарихи, адабиёти ва маданиятига ажратилган.
Саида Мирзиёева замонавий таълим ва келажак учун кенг имкониятлар яратиш билан бир қаторда, ёшларда Ватан туйғуси, миллий ўзлик ва маданиятга бўлган боғлиқликни шакллантириш муҳим эканини таъкидлади.
“Ёшларга замонавий таълим бериб, келажаги учун кенг имкониятлар эшигини очар эканмиз, айни пайтда уларга Ватан туйғуси, ўзлиги ва миллий маданияти билан боғлиқликни доимий сингдириб бориш зарур”, — деди у.






