АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Корея Республикаси” бизнес саммитида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев хомашёни экспорт қилишдан кўра уни чуқур қайта ишлаш ва юқори технологик тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият беришни таклиф қилди.

'Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Корея Республикаси” бизнес саммитида иштирок этди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Сеул шаҳрида биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” бизнес саммитида иштирок этди.

Тадбирда Корея Республикаси Президенти Ли Жэ Мён, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Саммитда Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Корея Республикаси” формати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, минтақадаги мамлакатлар ва Корея компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифларни билдирди.

Президент корейс компанияларини Марказий Осиёни 80 миллиондан ортиқ аҳоли, ўсиб бораётган талаб, катта ресурс, энергетика ва инсон салоҳиятига эга ягона иқтисодий макон сифатида қабул қилишга чақирди.

Минтақада саноат кооперациясини ривожлантириш ва тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг минерал-хомашё базаси камида 3 триллион долларга баҳоланмоқда.

Шунингдек, муҳим минераллар соҳасида яқин йилларда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 120 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев хомашёни экспорт қилишдан кўра уни чуқур қайта ишлаш ва юқори технологик тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият беришни таклиф қилди.

Саммитда қўшма тадқиқотлар ўтказиш, илғор технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Корея компаниялари, университетлари ва тадқиқот марказларини Марказий Осиёга жалб этиш орқали янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ягона ҳамкорлик тизимини яратиш таклиф этилди.

Сунъий интеллект соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентнинг қайд этишича, ушбу йўналиш беш йил давомида ҳар бир мамлакат иқтисодиётида камида 10 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконини беради.

Шу мақсадда Қорақалпоғистонда сунъий интеллект дата-марказлари учун кенг имтиёзларга эга хаб ташкил этилган. Корейс компаниялари ушбу соҳага инвестиция киритишга таклиф қилинди.

Яримўтказгичлар ва микроэлектроника ишлаб чиқариш соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этилди. Нурафшон шаҳридаги Келажак технологиялари маркази негизида яримўтказгичлар, саноат микроэлектроникаси ва янги материалларни лойиҳалаш ҳамда синовдан ўтказиш бўйича қўшма марказ ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Корея ва Марказий Осиё компанияларининг илмий-тадқиқот бўлинмалари ҳамда лабораторияларини жойлаштириш учун шароит яратишга тайёр эканини билдирди.

Биотехнология ва фармацевтика соҳаларида ҳам ҳамкорлик имкониятлари қайд этилди. Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмлар бозори ҳажми 3 миллиард долларга етган. Шу муносабат билан тадқиқотлар, клиник база ва ишлаб чиқаришни бирлаштирувчи биофармацевтика кластери ташкил этиш таклиф қилинди.

Саммит якунида корейс компаниялари мисни қайта ишлаш, электротехника, автомобиль ва электромобиль саноати учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, робототехника, биотехнология, фармацевтика, гидроэнергетика, энергияни сақлаш тизимлари, энергетика тармоқларини модернизация қилиш ҳамда транспорт ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга таклиф этилди.

    Бошқа янгиликлар