АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон–Корея муносабатлари янги босқичга чиқмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи 16 сентябрь куни биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитидаги иштироки билан давом этади.

'Ўзбекистон–Корея муносабатлари янги босқичга чиқмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим келишувлар билан якунланмоқда.

Давлат ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён ўртасида тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказилди. Унда Ўзбекистон–Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, давлат раҳбари Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чжон Шик ва Бош вазир Хан Сон Сук билан учрашди. Мулоқотларда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, инвестиция, технология, инфратузилма ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ташриф дастуридан Ўзбекистон–Корея бизнес форуми ҳамда Кореянинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашувлар ҳам ўрин олди. Жумладан, Корея Эксимбанки, “Lotte”, “Hyundai”, “KIA”, “Rotem”, “Shinhan”, “KIND”, “KIGAM”, “KIRAM” ва Инчхон халқаро аэропорти корпорацияси раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.

Ташрифнинг иқтисодий натижалари орасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли инвестиция лойиҳалари портфели ҳамда Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик Стратегик ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Келишувлар доирасида Кореянинг илғор технологияларини Ўзбекистонга жалб этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, инновацион ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокида 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатда “Samsung”, “LG”, “Lotte”, “KIA” каби йирик корейс компаниялари иш олиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи 16 сентябрь куни биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитидаги иштироки билан давом этади.

Унда Марказий Осиёнинг беш давлати ва Корея Республикаси раҳбарлари илк бор бир майдонда тўпланади. Саммитда савдо, инвестиция, инфратузилма, рақамли трансформация, илм-фан ва технология соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Тадбир якунида Сеул декларациясининг қабул қилиниши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар