Президент Шавкат Мирзиёев 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчилари ва меҳмонларига табрик йўллади. Давлат раҳбари мусобақа илк бор Ўзбекистонда, қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганини таъкидлади.
"Дунё шахмат спортининг ёрқин намояндалари бўлган сиз, азизларни қадимий ва меҳмондўст Ўзбекистон заминида илк бор ўтказилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман", — деди Президент.
Унинг қайд этишича, 200 дан зиёд мамлакатдан таниқли гроссмейстерлар, мураббийлар ва шахмат ихлосмандлари иштирок этаётган нуфузли мусобақанинг уч минг йилдан ортиқ тарихга эга Самарқандда ўтказилаётгани тадбир аҳамиятини янада оширмоқда.
Президент Ўзбекистонда шахматнинг қадимий анъаналари борлигини таъкидлаб, Амир Темур, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида шахматнинг инсон маънавий камолотидаги ўрни алоҳида таъкидланганини қайд этди.
Маълум қилинишича, бугун Ўзбекистонда шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сони 2 миллион нафардан, рейтингга эга профессионал шахматчилар сони эса 6 минг нафардан ошган. Мамлакатда халқаро гроссмейстер унвонига эга 32 нафар шахматчи бор.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 5 нафар етакчи шахматчиси жаҳон рейтингидаги кучли 100 нафарлик рўйхатдан жой олган. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ФИДЕ рейтингида 204 давлат орасида 8-ўринни, аёллар терма жамоаси эса 20-ўринни эгаллаб турибди.
Мирзиёев Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг 2022 йилги 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб бўлгани ва 2024 йилги мусобақада совриндорлар қаторидан жой олганини ҳам алоҳида таъкидлади.
Президент, шунингдек, Жавоҳир Синдоровнинг ФИДЕ Номзодлар турнирида ғолиб бўлгани ва жаҳон кубогини қўлга киритгани, Нодирбек Абдусатторовнинг блиц бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль олганини қайд этди. Жавоҳир Синдоровнинг 2026 йилги Самарқанд олимпиадасида иштирок этиши мамлакат жамоасига катта руҳ ва ишонч бағишлаши аввалроқ ҳам таъкидланган.
«Ўзбекистонга 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилиш ҳуқуқи берилганини биз халқаро спорт ҳамжамиятининг юртимизга бўлган юксак ишончи сифатида қабул қиламиз», — деди давлат раҳбари.
Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир қаторда 3-Бутунжаҳон парашахмат олимпиадаси ва ФИДЕ конгресси ҳам ўтказилмоқда. ФИДЕ маълумотларига кўра, олимпиаданинг очилиш маросими 15 сентябрь куни бўлиб ўтади, биринчи тур эса 16 сентябрга белгиланган.
Президент мазкур йирик спорт анжуманлари дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда шахматни янада оммалаштириш ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
«Бугунги олимпиада дунё ёшларига муҳим бир ҳақиқатни намоён этмоқда: инсониятнинг умумий келажаги куч эмас — ақл ва билим, адоват эмас — дўстлик ва ҳамжиҳатлик асосида бунёд этилади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари барча иштирокчиларга мустаҳкам соғлиқ, жамоаларга ютуқ ва омад, ФИДЕ конгресси ишига эса муваффақият тилади.






