Сенат “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни бюрократияда айблади

ЖАМИЯТ 03.10.2023, 12:34
Сенат “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни бюрократияда айблади

Олий Мажлис Сенатининг 45-ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов Қўмитага келиб тушган мурожаат асосида “Uzbekistan Airways” АЖга қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар сабаблари дастлабки тарзда ўрганилганлигини айтиб ўтган эди.

Унга кўра, авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Мазкур Йўриқноманинг  тегишли бандига мувофиқ, агар фуқароларимиз  “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда. Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмаяпти.

"Наҳотки, ҳам фуқаролар эътирозига, ҳам коррупсияга сабаб бўладиган, очиқ-ойдин кўриниб турган бўшлиқни бартараф этиб бўлмаса!?", - дейди, Қ.Бурхонов.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Сенат томонидан 2021 йилнинг 19 март куни  “Uzbekistan Airways”акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун Йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинган эди. Сўров юзасидан берилган жавобда “ушбу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги” маълум қилинган.

 “Uzbekistan Airways”АЖ Сенат эътирозига жавоб қайтарди.

Унга кўра, авиакомпания рейсларига йўловчи авиаташувларини сотишни тартибга солувчи амалдаги норматив ҳужжатларда (қоидалар ва йўриқномалар) авиакассирлардан авиачипталарни йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг асл нусхаси асосида расмийлаштиришни талаб қиладиган бандлар (пункт) мавжуд эмас. Узбекистан Аирwайс Салес филиалида ёки авиакомпания агентларида авиачипта сотуви йўловчиларнинг шахсий гувоҳномаларининг асл нусхалари асосида ҳам, уларнинг фотонусхалари асосида ҳам амалга оширилади. Бундан ташқари, авиакомпания йўловчиларнинг маълумотлари тўғридан-тўғри авиачипта расмийлаштираётган шахс томонидан тизимга киритиладиган расмий интернет-сайти ва мобиль иловаси орқали авиачипталарни сотишни фаол ривожлантирмоқда. 

"Шуни таъкидлаш керакки, барча белгиланган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга қатъий мувофиқ равишда брон қилиш тизимига хатосиз киритилиши керак. Шу билан бирга, киритилган маълумотларнинг тўғрилиги учун транспорт учун ҳақ тўлайдиган шахс жавобгар бўлади, чунки ушбу шартга риоя қилмасдан авиачипта сотиб олиш имконсиз бўлиб қолади",–дейилади хабарда.

 

 “Uzbekistan Airways” АЖ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2178-сонли (2014 йилдан) Резолуциясининг 9-банди талабларини ҳисобга олган ҳолда АПИ тизими орқали манзилларга борадиган йўловчиларнинг асосий маълумотларини узатиш бўйича БМТнинг махсус тузилмаларининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикасининг ҳам, авиакомпаниянинг рейслари амалга оширилаётган мамлакатларнинг ҳам ҳуқуқий майдонига мувофиқ фаолият юритмоқда. Ушбу халқаро регламентга асосланиб, йўловчиларни белгиланган маълумотлари авиачипталарни сотишда брон қилиш тизимига киритилиши керак. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун виза режими жорий этилган узоқ хориж мамлакатларига авиачипталарни сотишда Узбекистан Аирwайс Салес филиали авиакассаларида ва авиакомпания агентларидан йўловчига ҳам, авиакомпанияга ҳам жарима санкциялари қўймаслик учун белгиланган мамлакатнинг амалдаги визаси билан паспорт талаб қилинади.

"Юзага келган саволлар ва тушунмовчиликларни инобатга олган ҳолда, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида авиачипталарни сотиш бўйича барча агентларга авиачипталарни сотиб олишда йўловчилар ёки уларнинг яқинлари томонидан йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати тўғрисида авиакомпания томонидан талаблар йўқлиги тўғрисида навбатдаги эслатма юборилди",– дейилган хабар сўнггида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1