1

Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойга ташриф буюрди

СИЁСАТ 08.10.2023, 15:49
Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойга ташриф буюрди

Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрига ташиф буюрди.

“Ханчжоу Хуацзя” давлат қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян бошчилигида ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Дастлаб, Ўзбекистон томони Давлатимиз раҳбарининг ХХР Раиси Си Цзиньпинга йўллаган самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди. Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 74 йиллиги билан қутлади.

Учрашувда Давлатларимиз раҳбарларининг биргаликдаги саьй-ҳаракатлари билан икки ва кўп томонлама алоқаларимиз мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Хитой Ўзбекистоннинг ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкоридир.

Савдо-сотиқда мунтазам ўсиш суратлари кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йилда давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси қарийб 9 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукуматлар зиммасига 10 миллиард долларга етказиш вазифаси юклатилган.

Учрашувда нафақат мазкур натижага эришиш, балки ўзаро савдони 12-13 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, Хитойга тўқимачилик, мис, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш имконияти мавжуд.

Ўз навбатида, мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда 11 миллиард доллардан ортиқ ушбу давлат инвестициялари ўзлаштирилди. Бугунги кунга келиб юртимизда Хитой капитали иштирокида 2 мингга яқин қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, “яшил” энергетика, автомобилсозлик, электротехника, рангли ва ноёб металларни қайта ишлаш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, агро ва сувни тежайдиган технологиялар ишлаб чиқариш соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Бунинг учун замонавий технологияларга асосланган Ўзбекистон-Хитой индустриал паркини ташкил этиш таклиф этилди.

Учрашувда бўлажак Олий даражадаги музокаралар иқтисодий кун тартибини аниқ янги истиқболли лойиҳалар билан тўлдириш, эришилган келишувлар ижроси ҳолати юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, Ханчжоуга ташриф доирасида “Huawei”, “Energy China international”, “Silk road fund” сингари Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича ҳам учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Хитойга ишчи ташрифи давом этмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1