Ўтган йиллар давомида ўн минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган Араб-Исроил можароси бугун яна дунё ҳамжамиятининг диққат марказида турибди. Жаҳоннинг етакчи давлатлари, халқаро ташкилотлар бир неча бор бу масалага аралашишган бўлса-да, ташқи таъсирлар бу зиддиятни фақат кучайтиришга хизмат қиляпти, холос. Хўш, бу можаронинг маркази, илдизи қаерда? Нима учун бутун дунё бу низонинг барчани қаноатлантирадиган ечимини тополмайди?
Муқаддас манбалар шаҳодати
“Қуръони карим”, “Инжил”, “Таврот” сингари самовий китобларда араблар ва яҳудийлар битта отадан – Иброҳим (а.с.)дан тарқалгани зикр қилинган. Ривоятларга кўра, Иброҳим (а.с.) кексайиб қолганларига қарамасдан аёллари Сора (с.а.)дан фарзандлари йўқ эди. Ул зот Ҳожар исмли жорияни ўз уйларига олиб келганларидан сўнг, ундан катта фарзанд Исмоил (а.с.) туғилади.
Иброҳим (а.с) бу ўғилига қаттиқ меҳр қўйганлари сабабли Аллоҳ ундаги оталик меҳри ва бандалик садоқатини синовдан ўтказиш мақсадида Исмоил (а.с.)ни қурбонлик қилишга амр қилади. Фақат сўнгги лаҳзада жаннатдан келтирилган қўчқор Исмоил (а.с.)нинг ҳаётини сақлаб қолади.
Иброҳим (а.с.) ва Сора (с.а.) кексайиб қолган пайтларида Яратганнинг изни ила улар яна фарзандли бўлишади. Сора (с.а.)дан туғилган ўғилга Исҳоқ деб исм қўйишади. Чақалоқ туғилганда Иброҳим (а.с.) ўн минг юлдуз янги туғилган гўдакнинг пойига сажда қилаётганини кўрадилар. Бу Исҳоқ (а.с.) авлодидан минглаб пайғамбарлар туғилишидан далолат берарди.
Бундан севинган Иброҳим (а.с.) “эй Роббим, кичик ўғлимга шунча улуғ шараф насиб этаркан, катта ўғлимга нима бердинг?” деб муножот қиладилар. Шунда ғойибдан “катта ўғлинг наслидан бошқа барча пайғамбарлардан ҳам афзал бўлган энг сўнгги набий дунёга келади” деган ваҳй келади.
Дарҳақиқат, Иброҳим (а.с.)дан то Муҳаммад (с.а.в)га қадар ўтган давр мобайнида туғилган барча пайғамбарлар Исҳоқ (а.с.) дан дунёга келади. “Исроил” ҳам аслида Исҳоқ (а.с.)нинг фарзанди Яъқуб (а.с.)нинг лақаби эди. Шу боис араблар орасида яҳудийларга нисбатан “Бани Исроил” яъни Исроил авлодлари деган атама пайдо бўлди. Кўпгина ислом уламолари асрлар бўйи давом этиб келаётган араб-Исроил можароси, тўғрироғи яҳудийларнинг мусулмонларга нисбатан адоватига энг сўнгги пайғамбарнинг айнан Исмоил (а.с.) авлодидан туғилганига сабаб қилиб кўрсатишади.
Ўзаро муносабатларнинг кескинлашуви
Маълумки, бугун олов ичида қолган Яқин Шарқ минтақасида бир пайтлар қадимги Яҳудийлар давлати мавжуд бўлган, ота-бола пайғамбарлар – Довуд (а.с.) ва Сулаймон (а.с.) даврида бу давлат анча тараққий этган. Милоднинг биринчи йилида насронийлик динининг асосчиси, Исо Масиҳ (а.с.) ҳам айнан шу тупроқда таваллуд топганлар ва шу ерда дафн қилинганлар. Шу сабабли насронийлар учун ҳам бу заминнинг аҳамияти беқиёс.
Муқаддас китобларимизда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) тахминан милодий 619 йилда Меърожга кўтарилганлари, бир кечада самовий Буроқ отида Маккадан Қуддусга борганлари ва у ердаги Масжидул-Ақсони зиёрат қилганлари зикр қилинган. Шу боис, бу шаҳар ислом тарихида ҳам энг муқаддас масканлардан бири саналади.
Хулафои рошидийндан сўнг Фаластин ҳудуди умавийлар, аббосийлар, айюбийлар, мамлуклар ва усмонийлар даврида орадаги айрим танаффусларни ҳисобга олмаганда бугунги Исроил ҳудуди асосан мусулмон сулолалари томонидан бошқарилган.
Биринчи Жаҳон уруши якунига кўра бугунги Исроил (Фаластин) ҳудудида Буюк Британия ташқи ишлар вазири Артур Бальфур ташаббуси билан Британия мандати эълон қилинади. Араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви 1947 йилнинг 29 ноябрь санасига бориб тақалади. БМТнинг махсус қўмитаси Фаластинда ҳам араб, ҳам яҳудий давлатини тузиш бўйича қарор қабул қилди. 1948 йилнинг 14 май санасида мустақил Исроил давлати ташкил топгани эълон қилинди, аммо Фаластин араб давлати тузилмади.
Натижада бир қанча араб давлатлари Исроилга қарши уруш очади. Айнан шу воқеалар фонида ҳозирга қадар ҳал қилинмай келинаётган араб–яҳудий низоси юзага келади. Ўтган 75 йилдан ошиқ вақт давомида олиб борилган урушлар, музокараларнинг ҳеч қайсиси тинчликнинг тўлалигича тикланишига олиб келмади.
Қуддусни ким назорат қилади?
Тарихий жиҳатдан мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар учун бирдек муҳим бўлган Қуддус шаҳри мақоми Исроил ва Фаластин ўртасидаги барча музокараларда ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб қолмоқда. Исроил 1980 йилда Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилган. Жаҳон ҳамжамияти эса бу қарорни ноқонуний деб ҳисоблашга чақириб келади.
Айниқса, бу масала Дональд Трампнинг президентлиги даврида янада кескинлашди. Дастлаб Трампнинг Америка элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришга қарор қилгани оммавий намойишлар ва ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди. Кейинчалик у Исроилнинг пойтахти «бўлинмас» Қуддус шаҳрида бўлишини тақозо этадиган, шунингдек, Фаластин давлатининг пойтахти ҳам шарқий Қуддуснинг шарқий қисмида бўлишини кўзда тутувчи «Аср келишув»ини таклиф қилди, аммо Фаластин миллий маъмурияти «Қуддус сотилмаслиги»ни ҳамда Трамп ва Нетаньяҳунинг келишуви Фаластин халқини «тарихнинг чиқинди челагига улоқтириши»ни таъкидлаган. Айни пайтга қадар ўнлаб мамлакатлар Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олди ва элчихоналарини Тель-Авивдан ушбу шаҳарга кўчирди.

1967 йил, июнь, Фаластин. "Олти кунлик уруш".
Бу борадаги Исроил билан низони ҳал қилиш борасидаги музокараларда Фаластин томони «1967 йилгача» бўлган чегараларга қайтишни талаб қилиб келади. Муаммо шундаки, 1967 йилгача Қуддус тўлалигича Исроилга тегишли бўлмаган.
Исроил ташкил топгандан кейин қочиб кетган ёки Исроилдан чиқариб юборилган фаластинликлар сони 1949 йилда 711 минг кишини ташкил этган. 1967 йилги Араб-Исроил уруши пайтида эса 350 мингдан 400 минггача фаластинликлар кўчирилган. Қочқинларнинг учдан бир қисми Иордания, Ливан, Сурия ва Ғазо секторидаги тан олинган қочқинлар лагерларида, қолганлари эса ушбу мезбон мамлакатларнинг шаҳарлари ва қишлоқларида яшайди.
БМТ резолюциясига кўра, Исроил араб қочоқларига уйларига қайтишга рухсат бериши ёки уларга товон тўлаши керак. Арабларнинг тўғридан тўғри авлодлари ҳам қочоқлар ҳисобланишади ва мос равишда, уларнинг сони айни пайтда 5 миллиондан ортиқ. Араблар Фаластин ҳудудига эмас, айнан Исроилга, киндик қони тўкилган ватанларига қайтиш ҳуқуқларини талаб қилишмоқда.
Яқин Шарқда сув ресурслари катта сиёсий аҳамиятга эга. Исроил фойдаланадиган сувининг катта қисмини икки ўртада тортилган «Яшил чизиқ» остидаги иккита катта ер ости сув қатламларидан олгани сабабли, бу сувдан фойдаланиш Исроил-Фаластин можаросида мунозарали бўлиб келган. Исроилнинг ушбу ҳудудлардан кўп миқдордаги сувни тортиб олиши фаластинлик арабларнинг катта эътирозига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, Исроилга Иордан дарёси тизимидан фойдаланиш имконияти берилган, фаластинликлар эса бундай ҳуқуққа эга эмас.
Ғазо секторида аҳолининг жуда зич яшаши (бир квадрат километрга 5800 кишидан кўпроқ) ва аҳоли сони ортиб бориш тенденциясининг йилдан йилга ошиши ҳисобга олинса, тоза ичимлик суви бўйича муаммоли вазиятларнинг янада кескинлашувини кутиш мумкин.
Бугун нималар бўлмоқда?
Хабарингиз бор, 2023 йил 7 октябр тонгида Ғазо секторини назорат қилиб келаётган ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум уюштирди. Гуруҳ вакиллари Исроил шаҳарлари бўйлаб беш мингдан ортиқ ракета учирилганини маълум қилган. Бундан ташқари, ҲАМАСнинг қуролланган гуруҳлари Исроилнинг Ғазо билан чегарадаги аҳоли яшаш манзилларига кириб, тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчиларни гаровга олган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилган. Исроил авиацияси Ғазо сектори бўйлаб ҳужум бошлаб, ҲАМАСнинг ҳарбий объектлари сифатида кўп қаватли биноларни нишонга олди. Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги 400 дан ортиқ объектларига ҳужум қилганини маълум қилган.
Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи 8 октябрга ўтар кечаси ҲАМАСнинг ҳаракатлари билан «бирдамлик рамзи» сифатида Исроил ҳудудини ўққа тутди. Бунга жавобан Исроил армияси Ливан бўйлаб артиллерия зарбалари йўллади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 8 октябрга ўтар кечаси «Исроил ҳудудига кириб келган жангариларнинг катта қисми ўлдирилгани», Исроил эса ўз юриш амалиётини «ҲАМАСнинг имкониятлари тўлиқ йўқ қилинмагунига қадар» давом эттиришини билдирди.
Маълумотларга кўра, айни дамга қадар Исроилда камида 600 киши ҳалок бўлиб, 2 мингдан ортиқ киши яраланган, 750 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. ҲАМАС 7 октябр куни Исроил ҳудудида 35 дан ортиқ киши — тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар гаровга олинганини маълум қилган. Ўз навбатида, Ғазо секторида Исроилнинг жавоб зарбаларидан кейин камида 370 киши, жумладан болалар ҳалок бўлган, 2000 га яқин киши жароҳатланган. Ғазодаги 20 минг атрофидаги киши отишмалар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Энди нима бўлади?
Исроил-Фаластин муносабатларида муаммолар жуда кўп ва ҳар икки томон ҳам уларни биргаликда ҳал қилишни хоҳламайди. Қуддус мақоми тўғрисидаги тўқнашувлар ва диний низолар аслида тўқнашувларни юзага келтириш учун бир баҳонадек кўринади гўё. Исроил учун ўз давлатининг ҳудудини араблар яшайдиган ҳудудлар ҳисобига кенгайтириш муаммоси жуда муҳим. Фаластинлик араблар учун эса тирик қолиш масаласи кун тартибидаги асосий мавзу ҳисобланади.
Сўнгги дамларда ижтимоий тармоқларда яна авж олган хунрезлик тўғрисида бир-бирига зид қарашлар, фикрлар, мулоҳазалар илгари сурилмоқда. Кимдир фаластинлик мусулмонлар томонидан эканини айтиб, иИсроилга йўлланган зарбалардан хурсандлигини билдирса, яна кимдир ёш болаларнинг, аёлларнинг гаровга олиниши, ўлдирилиши улкан разолат эканини айтиб бонг ураётир.
Албатта, ҳар ким ўз фикрнини эркин баён этиш ҳуқуқига эга. Араб-Исроил можаросига унинг тарихидан етарлича хабардор бўлмасдан туриб, бир томонлама хулоса чиқиариш тўғри эмас, бизнингча! Ҳар қалай, бугунги кунда юз минглаб аҳоли бу фожиалардан азият чекиши, ҳар йили юзлаб қурбонлар берилишига лоқайд қараб бўлмайди. Бу можаро борада нафақат Фаластин ва Исроил, балки ташқи кучларнинг ҳам муросасизлиги туфайли ечим топмай келмоқда. Жабрини эса, нафақат оддий мусулмонлар, балки яҳудийлар ҳам тортиб келаётир.

Исроил ва Фаластин ҳудуди харитада (1946-2006)
Аслида, зулм ҳар қандай динда қораланади. Разолатнинг, жаҳолатнинг мазҳаби, миллати бўлмайди. Ҳеч бир инсон фақат диний ёки миллий мансубияти туфайлигина таъқиб этилиши, жазоланиши, ўлдирилиши бугунги кун меъёрларига асло тўғри келмайди.
Хоҳ араб бўлсин, хоҳ яҳудий - ҳеч бир бегуноҳ банданинг қони тўкилишини, тинч аҳоли вакилларининг гаровга олиниши, таҳқирланишини асло оқлаб бўлмайди. Бу эски можаро нега бирдан яна авж нуқтага етганини эса, ҳар ким ҳар хил талқин этмоқда. Аммо, шу билан бирга бу хатти-ҳаракатларни ким, нима учун бошлаганидан қатъи назар, ҳарбий тўқнашувларда фаластинликлар бир неча баробар кўпроқ талафот кўриши, Исроил ҳукуматининг қасоси узоқ куттирмаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Чунки, ўтмишдаги воқеалар шундай хулоса чиқаришга ундамоқда.
Биз эса, Яратгандан бу қадимий минтақада тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришини, минглаб қочоқлар, муҳожирлар ўз юртига қайтиши, хунрезлик ва адоват барҳам топишини истаймиз. Аллоҳ мазлумларни ҳимоя, золимларга эса кифоя қилсин!
Рустам Жабборов





