АсосийDunyo

Туркияда Фаластиндаги минглаб қурбонлар хотираси учун 3 кунлик мотам эълон қилинди

'Туркияда Фаластиндаги минглаб қурбонлар хотираси учун 3 кунлик мотам эълон қилинди'ning rasmi

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған, Фаластинда кўпчилиги болалар ва тинч аҳоли бўлган минглаб ҳалок бўлганлар хотирасига Туркияда 3 кунлик миллий мотам эълон қилди. Бу ҳақда "Анандолу" хабар қилмоқда. 

Президент Эрдўған ижтимоий тармоқдаги постида: “Туркия фаластинлик биродарларимиз ва опа-сингилларимизнинг улкан дардига шерик. Аксарияти болалар ва бегуноҳ фуқаролар бўлган минглаб қурбонлар хотирасини ҳурмат қилиш учун Туркия 3 кунлик миллий мотам эълон қилди”, - дея ёзиб қолдирган. 

Миллий мотам эълон қилиш тўғрисидаги қарор матни, хусусан:

“Фаластиндаги минглаб қурбонлар хотираси ҳамда Исроилнинг тинч аҳолига, хусусан, Ғазодаги касалхонага 2023 йил 17 октябрда уюштирган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар муносабати билан уч кунлик миллий мотам эълон қилиниши мақсадга мувофиқ деб топилди. Ушбу қарорга кўра, 2023 йил 21 октябрь, шанба куни қуёш ботгунга қадар Туркия бўйлаб ва хорижий ваколатхоналаримизда давлат байроғи ярим чўққигача туширилади”, — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни Исроилнинг Ғазо секторидаги  шифохонага берган зарбаси туфайли мингга яқин одам ҳалок бўлди. 

    Бошқа янгиликлар