Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров рухсат этилмаган оммавий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўқ узиши, огоҳлантирувчи ўқларга эътибор қилмаганларни отиб ўлдириши кераклигини айтди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермоқда.
Республика ҳукуматида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Қодиров шундай деди:
“Рухсат этилмаган тартибсизликларга борадиган битта одам бўлса ҳам ушлаб, қаманг. Ёки ҳавога учта огоҳлантирувчи ўқ узинг ва шундан сўнг, агар у одам қонунга риоя қилмаса, тўртинчи ўқни пешонасига жойланг. Қайтиб чиқмайди. Бу менинг буйруғим”.
Шунингдек, Чеченистон раҳбари аввалроқ республикада Махачқалъа аэропортидаги исёнга ўхшаш “провокацияни тўхтатишга муваффақ бўлганини” айтгани ҳақида эслатди.






