2023 йилнинг 15–17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЙ-2023) бўлиб ўтади.
ТХТЙ туризм маҳсулотларини тарғиб қилувчи ва ҳамкорлик учун бизнес алоқаларини ўрнатувчи энг йирик ахборот тадбиридир. Ярмарка 1995-йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинмоқда. Тадбир ҳар йили туризм соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлайди ва ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади.
Маълумот учун, 2022-йилда 2 йиллик танаффусдан сўнг ТХТЙ ўз тарихида биринчи марта бюджет маблағларини жалб қилмасдан, давлат-хусусий шериклик кўринишида ташкил этилди. 30-ноябрдан 2-декабргача бўлган уч кун давомида ярмаркада 11 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Шунингдек, тадбир якунлари бўйича ярмаркада 300 та корхона вакиллари иштирок этиб, 7 мингга яқин шартнома имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, “Миллий ПР маркази” ДУК ва “Теам & Cо Гроуп” компанияси ТХТЙ-2023 ташкилотчилари ҳисобланади. Бу йил бош ҳамкор “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АК бўлди. Ярмарка “Ўзекспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павилёнида ўтказилади.
Ярмарка доирасида Франсия, Чехия, Япония, Малайзия, Таиланд, Сингапур, Ҳиндистон, Корея, Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон, Хитой ва бошқа 20 давлатнинг сайёҳлик ташкилотлари миллий стендлари тақдим этилади.
Бундан ташқари, тадбирнинг бизнес қисмида туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокида Халқаро форум ҳамда сессиялар ўтказилади. Шунингдек, турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари ўртасида Б2Б учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига эга ҳудудлари тақдимотлари, маҳаллий ва хорижий ошпазлар иштирокида гастро-бозор ташкил этилиши режалаштирилган.
Ярмаркада иштирок этиш учун
www.titf.uz
веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш лозим.
Энг йирик халқаро сайёҳлик тадбири иштирокчиси бўлишга шошилинг ва жаҳон туризм саноати мутахассислари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйинг.
08.11.2023 14:00
Тошкентда “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтади






