Сентябрь ойида Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича дунёнинг 141 мамлакати ичида 100-ўринни эгаллади. Август ойида 101-ўринни эгаллаганди. Бу ҳақда Speedtest Global Index веб-хизмати рейтингида маълум қилинган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда сентябр ойида мобил интернет орқали ўртача юклаб олиш тезлиги 23,63 Мбит/с, юклаш тезлиги эса 12,6 Мбит/с ни ташкил қилган.
Ушбу рейтингнинг энг юқори поғонасида эса Бирлашган Араб Амирликлари қайд этилган. У ерда сентябр ойида юклаб олиш тезлиги 211,58 Мбит/с, юклаш тезлиги эса 22,02 Мбит/с бўлган. Қатар иккинчи, Хитой эса учинчи ўринни эгаллаган.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон сентябр ойида мобил интернет тезлиги бўйича биринчи ўринни эгаллади (умумий рейтингда 66-ўрин). Қирғизистон иккинчи (88-ўрин), Ўзбекистон учинчи (100-ўрин), Тожикистон тўртинчи (136-ўрин) бўлди. Манбада Туркманистон ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.






