Душанба куни бутун дунё бўйлаб БМТ бинолари, жумладан, Нью-Йоркдаги штаб-квартирасидаги байроқлар Исроил-Хамас уруши пайтида Ғазо секторида ҳалок бўлган 100 дан ортиқ ҳамкасблари хотирасига ўртага туширилди. Бу ҳақда “Америка Овози” хабар бермоқда.
БМТнинг оқ-кўк байроғи Бангкок, Токио ва Пекиндаги офисларида яримта ҳилпиратилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бошқа агентликлари ҳам шунга эргашдилар.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам ходимлар билан бирга Нью-Йоркда соат миллари ўн яримни кўрсатаётганда бир лаҳзалик сукут сақлади.
“Бугун БМТ оиласи Ғазода ҳалок бўлган ҳамкасбларимиз учун мотам ва ҳурмат учун бир дақиқалик сукут сақлади. Ушбу можаро бошланганидан бери UNRWA’нинг 100 дан ортиқ ходими ҳаётдан кўз юмди - бу қисқа вақт ичида можарода ҳалок бўлган БМТ ёрдам ходимларининг энг кўп сони. Улар ҳеч қачон унутилмайди”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида қайғули сукунатда турган БМТнинг юқори мартабали амалдорлари суратини жойлаштирган ҳолда.