Фарғона вилояти туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида реанимобиль автомобиллари топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини асраш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини янада оширишда юксак самаралар бермоқда.
Фарғона вилоятида ҳам соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури асосида бирламчи тиббий-санитария хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, вилоятдаги 283 қишлоқ врачлик пунктининг барчаси янги бунёд этилган ва капитал реконструкция қилинган биноларда фаолият юритмоқда. “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.
– Бугун вилоятнинг энг чекка ҳудудида ҳам замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Саломатлик-3” лойиҳаси раҳбари Қаҳрамон Отаболаев. – Кейинги беш йилда мазкур лойиҳа асосида 6,4 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар келтирилди. Қўқон, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Бешариқ, Данғара, Бувайда, Олтиариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Қува ва Фарғона туманларига берилган “Nissan” русумли реанимобиль автомобиллари ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тез тиббий ёрдам сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.