Озарбайжон қадимий тарихга, бой маданиятга ва ўзига хос давлатчилик анъаналарига эга мамлакатдир. Ўзининг муҳим геостратегик мавқеи туфайли Озарбайжон доимо цивилизациялар чорраҳасида бўлиб келган. Озарбайжон қадимда ва ўрта асрларда Яқин ва Ўрта Шарқнинг сиёсий, савдо ва маданий марказларидан бири бўлган. Шу боисдан ҳам тарихнинг турли даврларида Озарбайжон ҳудудида кучли давлатлар вужудга келган ва улар Шарқдаги сиёсий, мафкуравий ва маданий жараёнларга катта таъсир кўрсатган.

Жаҳон маданиятида ўзига хос ўринга эга бўлган озарбайжон халқи асрлар давомида цивилизацияга кўплаб ёрқин шахсларни "ато" этган. Уларнинг аксарияти 19-аср ва 20-аср бошларида яшаб, ижод қилган.
Халқи ва ватанига мангу шон-шуҳрат олиб келган бу инсонларнинг айримлари Боку шаҳрининг тоғли қисмида жойлашган Фахрий хиёбонда дафн этилган. Асосан, булар фан, адабиёт, маданият, санъат намояндалари, Иккинчи жаҳон уруши даврида немис фашистлари билан бўлган жангларда кўрсатган жасорати учун турли унвонларга сазовор бўлган шахслардир.
Хиёбонга дафн этилганлар орасида Озарбайжондан ташқарида туғилган, лекин умрининг кўп қисмини ёки маълум қисмини ушбу мамлакатда ўтказган, Озарбайжон улар учун иккинчи ватанга айланган инсонлар ҳам бор.

Фахрий хиёбон 1948 йил 27 августда ташкил этилган. 2003 йил 15 декабрда Фахрий хиёбонда замонавий Озарбайжон давлатининг меъмори ва бунёдкори Ҳайдар Алиев ўз она юртида дафн этилган. Ўшандан буён миллионлаб одамлар, жумладан, Озарбайжонга расмий ташриф билан бўлган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вакиллик делегациялари, шунингдек, ўз ватанига ташриф буюрган хорижда истиқомат қилаётган озарбайжонликлар Фахрий хиёбонга ташриф буюриб, улуғ йўлбошчи хотирасини эҳтиром кўрсатади.


Яқинда Озарбайжон Республикаси таклифи ва ташаббуси билан бўлган Ўзбекистон делегацияси ушбу майдонга ҳам келиб, хиёбонда мангу қўним топганларнинг хотирасини ёд этди.
Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси аъзолари Шаҳидлар ҳиёбонида ҳам бўлди. Маълумот учун, Шаҳидлар ҳиёбони ҳам Озарбайжоннинг пойтахти Баку шаҳрида жойлашган. У ерда асосан Қорабоғдаги уруш қурбонлари, шахси номаълум жасадлар шунингдек номаълум оммавий қабрлар ҳам бор.

Маълумотларга қараганда Шаҳидлар хиёбони ўрнида 1918 йил март воқеалари қурбонлари дафн этилган мусулмонлар қабристони бўлган. Озарбайжон Демократик Республикаси давридан 1939 йилгача Шаҳидлар хиёбони Чамбарак қабристони бўлган. Қабристонга Озарбайжоннинг таниқли арбоблари дафн этилган.
Шаҳидлар хиёбонига кираверишдаги биринчи қабр эр-хотин Фариза ва Илҳом Аллоҳвердиевларга тегишли. Озарбайжон Халқ фронти аъзоси Илҳом Аллоҳвердиев 20 январь куни совет аскарлари томонидан отиб ўлдирилган, турмуш ўртоғининг ўлмидан хабар топган Фариза эса ўз жонига қасд қилган.
1990 йил 21 январь фожиасидан кейин Озарбайжон мустақиллиги учун жон фидо қилганлар учун дафн маросими комиссияси тузилган. Комиссияга фанлар доктори Азер Набиев раҳбарлик қилган. Жойни танлашда эса меъмор Наримон Алиевнинг тавсиялари ҳам инобатга олинган.
1990 йил 21 январда Озодлик майдонидаги видолашув маросимидан сўнг 1990 йил 19 январдан 20 январга ўтар кечаси фожиали воқеалар пайтида ҳалок бўлганларнинг жасадлари Тоғ боғига кўчирилган. 20-21 январь кунлари хиёбонда 120 дан ортиқ қабр қазилган ва дафн маросими бир неча соат давом этган. 22 январь куни яна 50 киши дафн этилган. Улардан уч нафари 1918 йил март қирғини қурбонлари бўлиб, уларнинг жасадлари боғда қабр қазиш пайтида топилган. Ҳар учала қабрда «1918 йил шаҳидлари» деган ёзув бор.
Озарбайжонда мотам рамзига айланган гуллар, асосан қизил чиннигуллар шаҳидлар ўлган қабрлар ва жойларга қўйилди.


Майдондаги "Абадий олов" ёдгорликлари мажмуасини яратиш ғояси биринчи марта 1994 йилда илгари сурилган. 1998 йил 5 августда Президент Ҳайдар Алиев Боку шаҳридаги Шаҳидлар хиёбонида "Абадий олов" қуриш тўғрисида фармон чиқарган.


Шундан сўнг Боку шаҳри ижроия ҳокимияти ёдгорлик мажмуасини қуришга қарор қилди ва Вазирлар Маҳкамаси уни қуриш учун 2 миллиард манат ажратади. Мемориал мажмуанинг тантанали очилиши 1998 йил 9 октябрда ўтказилган.
1996 йилда Туркия ҳукумати ёрдами билан Шаҳидлар хиёбони ёнида Шаҳид масжиди қурилган.
Ойбек Шукуров, Озарбайжон-Баку





