АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни Ғазо секторидаги тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Бу ҳақда Оқ уйнинг АҚШ ва Исроил раҳбарларининг телефон суҳбати якунлари бўйича баёнотида айтилади.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, "Ғазо секторидаги можаро зоналарида қолган тинч аҳолини ҲАМАС аъзоларидан ажратиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш" зарур.
Баёнотга кўра, Байден Исроилни гаровга олинганларни озод қилиш масаласида сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Оқ уй раҳбари, шунингдек, Ғазо секторига кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш зарурлигини таъкидлади. Байден Исроилнинг Фаластин анклавига кўпроқ ёқилғи етказиб бериш қарорини олқишлади.
АҚШ президенти Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан зўравонлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди.





