Қирғизистоннинг Боткен вилоятида 34 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддасини Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ 282-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, 1993 йилда туғилган Э.Э.Й. исмли шахс Тожикистондан Қирғизистон ҳудудига кейинчалик сотиш мақсадида йирик миқдорда гашиш олиб киришни ташкил қилган.
Гумонланувчи гиёҳвандлик моддасини сотишга уринаётган вақтида қўлга олинган. Унинг ёни ва автомашинаси кўздан кечирилганда сариқ рангли скотч билан ўралган учта ўрам топилган. Улардаги модданинг умумий оғирлиги қарийб 3 килограммни ташкил этган.
Шундан сўнг унинг яшаш манзилида ўтказилган тинтув давомида яна 31 та ўрам аниқланган. Улардаги гиёҳвандлик моддасининг умумий вазни 31 килограмм 398 грамм бўлган. Шу тариқа мусодара қилинган наркотикларнинг умумий оғирлиги 34 килограмм 448 граммни ташкил этган.
Ҳозирда мусодара қилинган моддаларнинг аниқ таркибини белгилаш учун суд-кимёвий экспертиза тайинланган. Тергов органлари халқаро наркотрафик канали мавжудлиги эҳтимолини ҳам ўрганмоқда.
Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра, гиёҳвандлик моддалари Тожикистондан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга олиб ўтилаётган бўлган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳам мазкур иш доирасида қўшимча тезкор тадбирлар ўтказилган. Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 14 килограмм гашиш ва бир килограмм опий мусодара қилиниб, жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланаётган 1995 йилда туғилган Х.Т.Т. қўлга олинган.
Айни пайтда наркотикларни етказиб бериш занжири иштирокчилари ва ташиш йўналишларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






