1

1 та банк ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан санкция қўлланилди

ИҚТИСОДИЁТ 14.02.2024, 09:20
1 та банк ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан санкция қўлланилди

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2024 йилнинг январь ойидаги йиғилишларда (9 марта) 30 та масала кўрилди ва уларда тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар қилди. 

Маълум қилинишича, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 20 та масала кўриб чиқилди. Хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (2 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), кредит ташкилотларини лицензиялаш (2 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (2 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш
(11 та) каби масалалардир.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати бўйича (10 та масала) банклар ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолати ва улар томонидан Марказий банкнинг пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, шунингдек, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.

Хусусан, амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши таъминланмаганлиги сабабли 1 та банк ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди, шунингдек, 3 та банк ва 2 та ломбард чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, Қўмита томонидан ўзининг тизим барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятига аниқланган камчиликларни тузатиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1