1

Ёхуд ҳал қилувчи сайловлар ва мухолифатнинг энг йирик ғалабаси ҳақида

ДУНЁ 15.04.2024, 12:40
Ёхуд ҳал қилувчи сайловлар ва мухолифатнинг энг йирик ғалабаси ҳақида

Туркияда жорий йил март ойининг охирги санасида бўлиб ўтган муниципал сайловлар Туркия президенти Эрдўғон тарафдорлари учун муваффақиятсиз якунланди. Сайлов натижаларига кўра, Туркиядаги 81 муниципалитетдан 36 тасида мухолифатдаги сўл марказчи Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) 37,7% овоз олиб ғалаба қозонган. Президент партияси  Aдолат ва тараққиёт партияси (AКП) 35,4% овоз билан қолган. Бу натижа 2003 йилда Эрдўғон ҳокимиятга келганидан бери мухолифатнинг энг йирик ғалабаси бўлди. Охирги 22 йил ичида илк марта ҳукмрон партия йирик сайловларда мағлубиятга учради. Мухолифат ғалабаси эса унинг 2003 йилдан бери қайд этган энг шов-шувли натижа бўлди. 

2019 йилги муниципал сайловларда мухолифат ЖХП 35,7% овоз олган, АКП эса 44,3% билан биринчи ўринни эгаллаган эди.

Эрдўғон тарафдорлари учун аянчли вазият ва...

2019 йилда бўлгани каби, шаҳарнинг амалдаги ҳокими, ЖХП вакили Икром Имомўғли ғалаба қозонди. У 51 фоиздан кўпроқ овоз олган бўлса, унинг рақиби, ҳукмрон партия номзоди, собиқ экология вазири Мурот Курум 39,5 фоиз овоз олган.

Мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар Aнқара шаҳрининг амалдаги ҳокими, 2019 йилдан буён шу лавозимни эгаллаб келаётган ЖХП вакили Мансур Яваш ҳам катта фарқ билан (60,3 фоиз овоз) ғалаба қозонди, унинг AКПдан рақиби Турғут Алтинок эса 31,6 фоиз овоз тўплади.

ЖХП раҳбари Ўзғур Ўзел, мухолифатнинг ғалабаси "Туркия учун янги даврга йўл очади" деди. “Сайловчилар Туркиянинг 22 йиллик сиёсий манзарасини ўзгартиришга ва мамлакатимизда янги сиёсий муҳитга эшик очишга қарор қилишди. Бугун сайловчилар ҳокимиятнинг номутаносиб ваколатларини муниципал даражада мувозанатлашга қарор қилишди”, - дея қўшимча қилди у.

Эрдўғоннинг мағлубияти ўзига хос жазоми?

Эрдўғон партиясининг мағлубияти – Туркия иқтисодий сиёсатидаги муваффақиятсизликлар учун ўзига хос жазо, дейиш мумкин. Turkstat маълумотларига кўра, феврал ойида инфляция йиллик ҳисобда 67% дан ортган. Март ойи охирида Туркия Марказий банки дисконт ставкасини 45 фоиздан 50 фоизга оширди - бу охирги 20 йилдаги тарихий максимал кўрсаткич ҳисобланади.

Қолаверса, 2023 йил май ойида бўлиб ўтган сайловлардан кейин Эрдўғон Туркия халқи ҳаётини яхшилаш бўйича берган сайловолди ваъдаларини бажара олмади. Бу ҳам муниципал сайлов натижаларида ўз аксини топди, дейиш мумкин.

Аслини олганда Эрдўғон партиясининг обрўси туша бошлагани ҳақидаги илк “сигнал”лар 2023 йилдаги президентлик сайловларида ҳам кўзга ташланди. Ўшанда Эрдўғон биринчи турда ғолиб чиқа олмади. У  иккинчи турда, миллатчилар билан сиёсий коалиция шарофати билан атиги 5 фоизлик фарқ сиёсий рақиби Қиличдорўғлидан устун бўла олди. 

Маҳаллий сайловлар ҳам Эрдўғонга ишонч пасайиб бораётганидан дарак беради. Чунки, Туркия халқи мазкур шунчаки муниципал раҳбарларни сайлаш учун эмас, балки Эрдўғон ва унинг сиёсатига ишончсизлигини кўрсатиш учун ҳам фаол қатнашган. 

Тўғри, 2016 йилда Туркияда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши халқнинг Эрдўғонга ишончи юқори эканини исботлади. Лекин Эрдўғон бу тўнтаришга уринишда АҚШ ва Ғарбнинг иштироки борлигини гумон қилди, Ғарбга ёқишга уринишдан тийила бошлади. Бу эса (Ғарб етакчилик қилувчи жаҳон молиявий тизимининг “шарофати” билан) турк лираси курсининг ниҳоят тез пасайиб кетишига, инфляциянинг кескин ошиб, халқ фаровонлигининг пасайиб кетишига олиб келди. Бу ҳам Эрдўғон ва унинг партиясидан норозилик кучайишига сабаб бўлди.

Бунинг устига, фақат дунёвийликка қаратилган “камолчи” партиялар ҳам ўз сиёсий фаолиятида ўзгариш ясамоқда. Улар ҳокимият тепасига келган тақдирларида мусулмонларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олишга ваъда беришмоқда. 

Шу билан бирга, Туркия аҳолиси AКП ғалаба қилган тақдирда, мамлакат Отатурк томонидан ўрнатилган дунёвий тамойиллардан узоқлашиб кетиши мумкинлигидан қўрқа бошлади. 

Қолаверса, турклар демократия ва қонун устуворлиги ҳамда ҳокимиятдаги “тийиб туриш” тамойилини яхши тушунади ва уларни ҳаётга татбиқ этиш учун интилади. Ҳокимиятнинг узоқ йиллар давомида бир шахс қўлида жамланиши мамлакат сиёсати ва иқтисодиёти учун ҳалокатли бўлиши мумкинлигини турклар яхши тушунади. Қолаверса, ҳаммага маълум ҳақиқат бор: сиёсий мухолифатнинг мавжудлиги мамлакат фаровонлиги ва келажаги учун фойдали. Худди иқтисодиётда бўлгани каби, сиёсий тизимдаги рақобат ҳам сиёсий кучларни сергак торттириб туради, халқ манфаатларига зид ҳаракатлар қилишдан тийиб туради.

Туркияни қандай сиёсий истиқбол кутяпти?

Экспертларнинг айтишича, Эрдўғон партиясининг муниципал сайловлардаги мағлубияти Туркия ички ва ва ташқи сиёсатида катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Ҳукмрон партия бу сайловлардан тегишли хулоса чиқариши ва ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши табиий. Хусусан, турли сиёсий чекловлар, айниқса мухолифат ва ОАВларга босим камайиши мумкин. Қолаверса, коррупцияга қарши кураш ва иқтисодий ислоҳотлар ҳам жадаллаштирилиши кутилмоқда.

Ҳар ҳолда Эрдўғон калтабин сиёсатчи эмас. У айрим ҳамкасбларига ўхшаб, ўз ҳокимиятини мажбурловчи ва репрессив сиёсат билан узоқ ушлаб тура олмаслигини яхши тушунади. 

Шунингдек, AКП етакчилари партиянинг минтақавий бўлинмаларида кадрлар ўзгаришини амалга ошириши кутилмоқда. Ташқи сиёсатда эса, катта эҳтимол билан, расмий Aнқара Ғарб билан, хусусан, AҚШ ва Европа Иттифоқи билан яқинлашув курсига кўпроқ эътибор қаратиши мумкин. Чунки Эрдўғонга мухолиф кучлар айни шу масалага эътибор қаратишади. Эрдўғон уларга бу имкониятни бериб қўйиши мантиққа тўғри келмайди.

Шу билан бирга, Туркиядаги навбатдаги сиёсий реалликда Эрдўғон Туркия-Россия муносабатларида ҳам ўзгариш ясаши мумкин. Тўғри, Туркиянинг Ғарб билан Россия манфаатларига зид равишда яқинлашув жараёни ўтган йилнинг баҳорида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган эди. Бироқ айни пайтда Эрдўғон ва унинг сиёсати Россия учун энг мақбул вариант бўлиб қолаверади. Зеро, Эрдўғонга мухолиф партия ва унга охирги президентлик сайловларида рақиб бўлган Камол Қиличдорўғли Россия билан алоқаларни кескинлаштириш ва тўла Ғарбга юзланиш тарафдори эканлигини бир неча бор расман эълон қилган. Эрдўғон эса Ғарб-Россия тўқнашувларида Россия учун айрим фойдали қадамлари ва самарали воситачилиги билан машҳур бўлди. Шу нуқтаи назардан, Россия ҳам Эрдўғоннинг ҳокимиятда қолиши ва позицияларини мустаҳкамлашидан манфаатдор. Демакки, амалдаги рус ҳукумати Туркия билан иккитомонлама ва ўзаро фойдали алоқаларни янада кучайтириши кутилмоқда. 

Хулоса қилиб айтганда, Туркияда бўлиб ўтган муниципал сайловларни мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлган сиёсий тадбир дея баҳолаш мумкин. Қолганини эса вақт кўрсатади. 

                                                                                                                                                                                                                                                                        Абдуллоҳ САЙЙИД

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1