Аввал хабар қилинганидек, “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-102-сон, 18.07.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 декабргача хорижий мамлакатлар кесимида халқаро туризм кўргазмаларида намойиш қилиш учун маданий, гастрономик ва ҳунармандчилик контенти ишлаб чиқилади.
2024 йил 1 декабргача юртимиздаги барча авиа, темир йўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади.
Транспорт вазирлиги:
-авиа, темир йўл ва автобус чипталарини табақалаштирилган нархларда камида 6 ой олдин савдога чиқариш тизимини жорий қилади;
-Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ҳамда Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида республика ҳудудларини боғловчи қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновларини йўлга қўйади;
-амалга оширилаётган тадбирлар, жумладан, очилаётган янги рейслар, рейслардаги юкламалар, шакллантирилаётган янги авиа ва темир йўл маршрутлари тўғрисида маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боради.