Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг миссияси, илмий-маърифий салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик йўналишларини кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти ўтказилмоқда. Тақдимот доирасида халқаро илмий семинар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институтида ташкил этилган тақдимот ва халқаро илмий семинарда Ўзбекистон ва Қатарнинг илм-фан, маданият ва таълим соҳалари вакиллари иштирок этиб, Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, ислом илмлари ривожи ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Тақдимотнинг асосий мақсади буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий ёндашувлар асосида халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон ислом цивилизацияси тарихидаги муносиб ўрнини намоён этишдан иборат.
Тақдимот Ўзбекистон Республикасининг Қатар Давлатидаги элчиси Ашраф Хўжаев, Қатар давлат вазири, Қатар Миллий кутубхонаси раиси доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Каворий ҳамда Қатар Цивилизациялар альянси қўмитаси вакили доктор Аҳмад бин Ҳасан ал-Ҳаммодийнинг қутлов сўзлари билан очилди.
Мовароуннаҳр тилга олинганда, инсониятнинг тараққиёт йўлини ёритган буюк алломалар номлари кўз ўнгимизда гавдаланади.
Бу заминдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган энг ишончли ҳадисларни жамлаган Имом Бухорий етишиб чиққан. Бу ерда Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк уламолар камол топган. Бу — бутун дунё ҳанузгача унинг алгоритмларидан фойдаланиб келаётган Муҳаммад Хоразмий ватани. Бу — Ерни ўлчаган ва халқларга холис баҳо берган Абу Райҳон Беруний юрти. Бу — «Тиб қонунлари» асари асрлар давомида Европа университетларида тиббиётнинг асосий манбаларидан бири бўлиб хизмат қилган Ибн Сино замини. Бу — Самарқанддаги расадхонасидан юлдузларни кузатган Мирзо Улуғбек юрти.
Бухоро, Самарқанд ва Тошкент Буюк ипак йўлининг муҳим бекатлари бўлган. Бу шаҳарлар орқали карвонлар турли моллар ва буюмларни олиб ўтган бўлса, ғоялар ва тафаккур дурдоналари улардан ҳам узоқроқ яшайдиган маънавий бойлик сифатида тарқалган.
Шу ўринда биз Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва халқига, айниқса, ушбу муборак ташаббус муаллифи, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига Тошкентда Ислом цивилизацияси марказидек муҳташам масканни бунёд этганликлари учун чуқур миннатдорлик ва юксак эҳтиромимизни изҳор этамиз.
Ушбу марказнинг аҳамияти фақат Ўзбекистон ва унинг буюк тарихий меросини дунёга танитиш билан чекланмайди. Албатта, бунинг ўзи ҳам ниҳоятда улуғ ва муҳим вазифадир - деди Қатар Миллий кутубхонаси раиси доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Куварий ўз нутқида.
Тақдимот доирасидаги халқаро илмий семинарда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов “Ислом цивилизацияси маркази: миссияси, лойиҳалари ва ҳамкорлик йўналишлари” мавзусида махсус маъруза қилди.
Маърузада Марказнинг ташкил этилиши замирида турган стратегик мақсадлар, унинг илмий-тадқиқот, маърифий ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида сўз юритилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа Ўзбекистоннинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, буюк алломаларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини очиб бериш ва уни келажак авлодларга етказишга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари буюк аждодларимиз меросини асраш, чуқур ўрганиш, дунёга танитиш ва ёш авлодга етказишни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Олимлар, тадқиқотчилар, музейшунослар ва ижодкорларни умумий мақсад атрофида бирлаштирди. Бу ғоянинг марказида инсон, унинг билими, маънавияти ва келажаги туради. Аждодларимиз яратган ҳар бир асар, қолдирган ҳар бир кашфиёт бугунги авлод учун янги имкониятлар манбаи бўлиши керак.
Биз ҳар бир асар ортида олимнинг тафаккурини, ҳар бир кашфиёт ортида изланиш ва меҳнатни, ҳар бир тарихий юксалиш ортида илмга бўлган эътиборни кўрсатишга интиламиз. Тарих гапириши керак. Маданий мерос инсон билан мулоқот қилиши керак.
Ўтмиш бугунги авлодни янги билим ва янги кашфиётларга руҳлантириши керак. Биз учун энг муҳим натижа — Марказга келган ёшнинг қалбида илмга иштиёқ уйғонишидир. У ўз аждодларининг ютуқларини англаб, ўз олдига катта мақсадлар қўйсин, излансин, яратсин, инсоният тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга интилсин.
Мерос олдидаги масъулиятимизни тўрт вазифада кўрамиз: асраш, ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга етказиш. Меросни асраб — хотирамизни сақлаймиз, уни ўрганиб — тафаккуримизни бойитамиз, янги билим яратиб — цивилизация давомийлигини таъминлаймиз, - деди марказ директори.
Илмий семинарнинг асосий маърузаларида Ўзбекистон заминида шаклланган буюк илмий мактаблар ва алломалар меросининг турли қирралари муҳокама қилинди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур “Усмон Мусҳафи — Ўзбекистон ва бутун мусулмон оламининг муқаддас обидаси” мавзусида маъруза қилди. Унда Усмон Мусҳафининг ислом оламидаги тарихий ва маънавий аҳамиятига эътибор қаратилди.
Қатар университети Шариат факультети декани доктор Иброҳим ал-Ансорий Мовароуннаҳр олимларининг Қуръон ва ҳадис илмларига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Қатар университети Шариат ва исломшунослик факультети деканининг ўринбосари доктор Муҳаммад ал-Муслеҳ Имом Термизийнинг “Сунан” асарининг замонавий ислом таълимидаги аҳамиятини ёритди.
Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев “Хоразм Маъмун академияси: Хоразмий ва Беруний меросининг жаҳон илм-фанидаги ўрни” мавзусида маъруза қилиб, ушбу илмий мактабнинг жаҳон илм-фани тарихидаги аҳамиятига эътибор қаратди.
Шунингдек, Ҳамад бин Халифа университети ҳузуридаги Ислом цивилизациясида мусулмонларнинг ҳиссасини ўрганиш маркази директори профессор Оиша ал-Маннаий Марказий Осиё олимларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирди. «Ал-Фанар» Исломни танитиш маркази директори доктор Солиҳ ал-Маррий Имом Мотуридий таълимоти ва мўътадил ислом қадриятларига бағишланган маъруза билан иштирок этди. Қатар университети ҳузуридаги Цивилизациялар мулоқоти кафедраси доценти, профессор доктор Иззуддийн Маъмийш эса Ўзбекистон ва Қатарнинг цивилизациялар мулоқотидаги ўрнини ёритди.
Ушбу анжуман Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги келгуси ҳамкорлик учун муҳим қадамдир. Ҳар икки давлат ислом маданиятини кенг танитиш, мусулмон олимларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва тинчлик ғояларини тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
Қатар араб тилини ўргатиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва замонавий технологиялар соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр. Ўзбекистон эса бой тарихий ва маданий мероси орқали ушбу ҳамкорликни янада ривожлантириши мумкин. Қўшма илмий тадқиқотлар, халқаро анжуманлар ва маданий лойиҳалар икки халқ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Иншааллоҳ, Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик келгусида янада ривожланади, - деди Қатардаги Ҳамад бин Халифа университети Ислом тадқиқотлари факультетининг Ислом цивилизациясига мусулмонлар қўшган ҳиссани ўрганиш маркази катта илмий тадқиқотчиси Муҳаммад Модассир Али.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нашрлари кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, иштирокчиларга мамлакатимиздаги бой тарихий ва илмий-маънавий меросни акс эттирувчи китоблар билан танишиш имконияти яратилди.
Якуний сессияда тақдимот натижалари сарҳисоб қилиниб, илмий, маданий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари, янги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Доҳа шаҳрида ўтказилган мазкур халқаро тақдимот Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, ислом цивилизациясини холисона ўрганиш ва тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни







