АҚШда Ўзбекистон фуқароси Сардор Тиркашев қўлга олинди. Оқ уй уни жиноий ўтмишга эга ноқонуний мигрантлар орасида мамлакатдаги энг хавфли шахслардан бири сифатида тилга олди. Бу ҳақда "Slavic Sacramento" нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Сардор Тиркашев 2026 йил 7 октябрь куни Огайо штатидаги Чилликоте шаҳрида АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Оқ уйнинг ижтимоий тармоқлардаги баёнотида у ҳибсга олинган бошқа мигрантлар қаторида тилга олинган.
Маълумотларга кўра, Тиркашев аввал оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган икки тажовуз ва талончилик жинояти учун судланган.
Оқ уй баёнотида Жо Байден маъмурияти даврида жиноий ўтмишга эга ноқонуний мигрантларнинг мамлакатга киришига йўл қўйилгани таъкидланган. Дональд Трамп маъмурияти эса чегара назоратини кучайтириб, энг хавфли жиноятчиларни кўчалардан олиб ташлаётгани билдирилган.
28 октябрь куни АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ҳам Огайо штатида жиноий ўтмишга эга ноқонуний мигрантлар қўлга олингани ҳақида маълумот берган. Идора уларнинг аввалги жиноятлари қаторида жинсий жиноятлар, бўғиш, маст ҳолда автомобиль бошқариш ва кокаин савдосини санаб ўтган.
АҚШ Ички хавфсизлик департаменти раҳбари Марквейн Маллин жиноий ўтмишга эга ноқонуний мигрантларни қўлга олиш ва депортация қилиш ишлари давом эттирилишини билдирган.
"Slavic Sacramento" нашри Сардор Тиркашевнинг қўлга олингани ҳақида Огайо штатидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан маълумот олганини, бироқ АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати бу хабарни бевосита тасдиқламаганини қайд этган.






