Тошкент шаҳрида истеъмолга яроқсиз пиво ичимликларини қўлбола усулда ишлаб чиқараётган яширин цех фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро В.Т. ва бошқалар Мирзо Улуғбек туманидаги "Салар бўйи" кўчасида жойлашган хонадонда яширин ишлаб чиқариш цехини ташкил этгани аниқланган.
Улар мазкур цехда қўлбола усулда, истеъмолга яроқсиз пиво ичимликларини ишлаб чиқариб келган.
Тезкор тадбир давомида яширин цехдан 22 турдаги пиво ичимликлари ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-1¹-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






