Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб юборган аёл 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Qalampir.uz суд ҳужжати билан танишиб хабар берди.
Суд ҳужжатига кўра, 1993 йилда туғилган Д.Э. 2024 йил ноябрь ойида Шўрчи туманида яшовчи А.Ў. билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Уларнинг 2025 йил 25 апрель куни бир нафар қиз фарзанди туғилган. Шу йилнинг сентябрь ойида аёл иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган.
2026 йил 8 июнь куни Д.Э. Шўрчи туманидаги яшаш уйидан Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи ота-онасиникига келган. 10 июнь куни соат 05:00 атрофида у уйнинг орқа томонида жойлашган ҳожатхонада қиз фарзандини дунёга келтирган ва чақалоқни ҳожатхона ичига ташлаб юборган.
Судда аёл чақалоқ ўлик туғилган деб ўйлаганини билдирган. Бироқ суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, чақалоқ нафас йўлларининг нажас билан беркилиши оқибатида юзага келган механик асфиксиядан вафот этган.
Суд мажлисида Д.Э. ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини айтган. У қарамоғида бир нафар фарзанди борлиги ва яна ҳомиладор эканини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган. Чақалоқнинг отаси ҳам аёлга нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, унга енгиллик беришни илтимос қилган.
Суд аёлнинг айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, илгари судланмагани, вояга етмаган фарзанди борлиги ва ҳомиладорлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олган. Жиноятни ғаразли ва паст ниятларда содир этгани эса жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топилган.
Суд ҳукми билан Д.Э. Жиноят кодексининг 99-моддаси (Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши) бўйича айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
Шунингдек, унга яшаш жойини назорат қилувчи органнинг розилигисиз ўзгартирмаслик, Сурхондарё вилояти ҳудудидан чиқмаслик, кафе, бар, ресторан ва оммавий тадбирларга бормаслик каби чекловлар белгиланган.






