АсосийЖАМИЯТ

Президент Анқарада ватандошлар билан учрашди

Давлат раҳбари суҳбат якунида ватандошларга муваффақиятлар тилади.

'Президент Анқарада ватандошлар билан учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Анқарага амалий ташрифи доирасида Туркияда яшаётган ватандошлар билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда давлат раҳбари юртдошларнинг ҳаёти, таълим олиши ва келгуси режалари билан қизиқди.

"Қаерда бўлманглар, бир дақиқа ҳам вақтингизни беҳуда ўтказманглар. Доимо илмга, билим олишга, ўрганишга интилинглар. Бу жонажон Ватанимиз, буюк Ўзбекистонимиз келажагига қўшадиган ҳиссангиз бўлади", — деди Шавкат Мирзиёев.

Мулоқот давомида ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти билан боғлиқ экани таъкидланди. Президент улуғ аждодларнинг илмий мероси ва миллий қадриятлар тикланаётганига тўхталиб, ватандошлар Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

"Мен ватандошларимизни доимо соғиниб, эслаб юраман. Сизларнинг яхши яшашингиз, Ватанга қайтиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўша олишингиз учун Ўзбекистонда барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Илм олиш, билим эгаллаш, уй-жойли бўлиш учун имкониятларни кенгайтиряпмиз", — деди Президент.

Давлат раҳбари суҳбат якунида ватандошларга муваффақиятлар тилади.

    Бошқа янгиликлар