Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 67 ёшини қарши олди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Мирзиёев меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган. 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Ш.М. Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта - 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
Мазкур даврда Мирзиёев "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти вафотидан сўнг, 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юкланди. 2016 йилнинг 4 декабрь куни Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланган. 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев – 80,1 фоиз овоз билан иккинчи марта Президент этиб сайланди.
Ш.М. Мирзиёев икки қиз ва бир ўғилнинг отаси. Олти нафар набираси бор.
Биз ҳам Ўзбекистон президентини таҳририятимиз номидан таваллуд айёмлари муносабати билан табриклаб қоламиз.