Ўзбекистонда 2030 йилдан шаҳарлараро автобуслар ва шаҳар атрофи поездларида йўл ҳақини нақд пулда тўлашдан тўлиқ воз кечиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, электрон чипта харид қилган йўловчиларга камида 20 фоиз чегирма бериш режалаштирилган. Бу ҳақда Президент қарори лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабрга қадар шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда электрон чипта харид қилган йўловчиларга камида 20 фоиз чегирма бериш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, 2030 йил 1 январдан бошлаб мазкур йўналишларда йўл ҳақини нақд пулда тўлашни тўлиқ бекор қилиш ва фақат нақд пулсиз тўлов тизимига ўтиш назарда тутилган.
Ягона рақамли транспорт платформаси жорий этилади
Қарор лойиҳасида 2028 йил 1 январдан "Бир йўл" ягона миллий рақамли транспорт платформасини жорий этиш ҳам белгиланган.
Ушбу платформа орқали йўловчилар поезд, самолёт, автобус ва шаҳар жамоат транспортининг йўналишлари, ҳаракат жадвали, чипта нархлари ҳамда бўш жойлари ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, сафарни "эшикдан эшиккача" режалаштириш, ягона буюртма ва тўлов орқали электрон чипталарни харид қилиш ҳамда трансфер хизматларини расмийлаштириш имконияти яратилиши кутилмоқда.
Қайд этиш керакки, ушбу чоралар ҳозирча Президент қарори лойиҳасида назарда тутилган. Таклифларнинг амалга оширилиши ҳужжатнинг белгиланган тартибда қабул қилинишига боғлиқ.






