АсосийЖАМИЯТ

“Док-1 Макс”дан жабрланган оилаларга 80 млрд сўм компенсация тўланди

Тўланган маблағларнинг 72,2 млрд сўми “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига, 7,8 млрд сўми эса даволанган ва даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига берилган.

'“Док-1 Макс”дан жабрланган оилаларга 80 млрд сўм компенсация тўланди'ning rasmi

“Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини истеъмол қилиш оқибатида жабрланган болаларнинг оилаларига компенсация тўловларини қоплаш ишлари тезлаштирилди. Бугунги кунга қадар 88 нафар жабрланувчининг оилаларига жами 80 млрд сўм тўлаб берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаш мақсадида давлат бюджетидан 65,2 млрд сўм ажратилган.

Тўланган маблағларнинг 72,2 млрд сўми “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига, 7,8 млрд сўми эса даволанган ва даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига берилган.

Шунингдек, банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгач, яна икки нафар боланинг оила аъзоларига 2 млрд сўм компенсация тўлаб берилиши режалаштирилган. Бу билан жабрланган оилаларга белгиланган компенсация тўловлари тўлиқ амалга оширилади.

Аввалроқ, суд ҳужжатларига мувофиқ, 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 млрд сўм компенсация ундирилиши белгиланган эди. Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни чўзилгани сабабли тўловларни амалга ошириш кечиккан.

Давлат бюджетидан ажратилган 65,2 млрд сўм эса айбдор шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушадиган ва улардан ундириладиган маблағлар ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли давлат ташкилотлари масъуллари республика тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда жабрланган оилалар ҳолидан хабар олмоқда. Болаларга қўшимча тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Компенсация тўловларининг тўлиқ амалга оширилиши жабрланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга етказилган зарарни қоплаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар