Ўзбекистон Ҳисоб палатаси 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида ўтказилган аудитлар давомида 250,2 млрд сўм маблағ бюджетга ундирилишини таъминлади. Шунингдек, 23,6 млрд сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси матбуот котиби Дилдора Ҳошимова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида жами 84 та аудит тадбири ўтказилган бўлиб, уларнинг 46 таси масофавий шаклда амалга оширилган. Шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилган.
Аудитлар давомида харажатлар йўналишида 2 трлн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Уларни бартараф этиш чоралари кўрилган. Бундан ташқари, 4,2 трлн сўмлик харажатлар мақбуллаштирилган, 23,6 млрд сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинган ва 250,2 млрд сўм бюджетга ундирилган.
Даромадлар йўналишида эса 1,6 трлн сўмлик қўшимча солиқ ва мажбурий тўлов манбалари аниқланган. Ушбу маблағнинг 656,3 млрд сўми бюджетга ундирилган.
Давлат харидлари соҳасида 10,2 трлн сўмлик қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари қайд этилган.
Аниқланган қонунбузилишларга ҳуқуқий баҳо бериш учун 4,8 трлн сўмлик ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. Шунингдек, 222,3 млрд сўмлик ҳужжатлар бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Аудит натижалари бўйича масъул ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилган бўлиб, уларнинг ижроси назорат қилиб борилмоқда.
Ҳисоб палатаси фаолияти трансформация қилинмоқда
Ҳисоб палатаси фаолиятини трансформация қилиш доирасида халқаро стандартларни жорий этиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ишлари давом эттирилмоқда.
Маълум қилинишича, палатада илк бор эълон қилинган очиқ танловга 300 дан ортиқ ариза келиб тушган.
Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Давлат аудити олий мактаби ташкил этилган. Ўқув дастурларига CIPFA ҳамда INTOSAI стандартлари асосидаги модуллар киритилган.
Ҳисоб палатасининг маълум қилишича, амалга оширилаётган ишлар давлат аудити самарадорлигини ошириш, молиявий назоратни кучайтириш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлашга қаратилган.






