АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида визасиз сафарлар бўйича келишувга эришилди

Рўйхатда биринчи ўринни Қирғизистон, кейинги ўринларни эса Тожикистон ва Қозоғистон эгаллаган.

'Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида визасиз сафарлар бўйича келишувга эришилди'ning rasmi

Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида визасиз сафарлар тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирда ҳужжат матни Таиланд томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Таиланд ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун электрон виза расмийлаштириш тартибини бекор қилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Ушбу масала икки давлат ўртасидаги дипломатик музокаралар фонида муҳокама қилинмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, жорий йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг Таиландга сафар қилиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида фаол дипломатик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан ўтказилган музокаралар давомида визасиз сафарлар тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича келишувга эришилган.

Айни пайтда ҳужжат матни Таиланд томонидан кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, ўзбекистонликларнинг электрон виза расмийлаштиришда дуч келаётган муаммоларини ҳал этиш юзасидан ҳам музокаралар давом этмоқда.

Бу борада Ўзбекистоннинг Таиланддаги Бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам Таиланднинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Таиланд визасини олишдаги муаммолар

Маълум қилинишича, Таиландга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларининг электрон виза аризалари амалда ўртача 15 кунда тасдиқланмоқда. Аризаларни кўриб чиқиш муддати 10 кундан ошмаслиги белгиланган бўлса-да, амалда тасдиқлаш ҳақидаги хабар ариза берувчининг электрон почтасига йиғим тўланганидан кейин ўртача 15 кун ичида юборилмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари электрон виза учун Таиланднинг расмий виза портали орқали ариза топшириши мумкин. Бунинг учун шахсий аккаунт яратиш, анкетани тўлдириш ва зарур ҳужжатларни юклаш талаб этилади.

Манбада келтирилишича, виза йиғими 40 долларни ташкил этади. Тўлов Таиланднинг Москвадаги элчихонасида нақд пул шаклида амалга оширилиши, шунингдек, уни учинчи шахслар, жумладан, турагентлар орқали тўлаш мумкинлиги айтилган. Аризани кўриб чиқиш жараёни йиғим тўланганидан кейин бошланади.

Ўзбекистонликлар Таиландга кўп бормоқда

Маълумот учун, Таиланд 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистон фуқаролари энг кўп ташриф буюрган 10 та давлат қаторига кирган. Ушбу даврда мамлакатга 16 минг 291 нафар ўзбекистонлик сафар қилган.

Рўйхатда биринчи ўринни Қирғизистон, кейинги ўринларни эса Тожикистон ва Қозоғистон эгаллаган.

Қайд этиш жоизки, визасиз сафарлар тўғрисидаги келишувга эришилгани ҳозирча визасиз режим кучга кирганини англатмайди. Бунинг учун битим имзоланиши ва белгиланган тартибда кучга кириши керак.

    Бошқа янгиликлар