АсосийЖамият

Ўзбекистонда 2 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликка учради

Прокурорлар томонидан уларга етказилган маънавий зарарларни ундириш бўйича судларга жами 3,8 миллиард сўмлик 74 даъво аризаси киритилган.

'Ўзбекистонда 2 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликка учради'ning rasmi

Ўзбекистонда 2022-2023 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 831 нафар хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган. Бу ҳақида Бош прокуратуранинг Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармасининг таҳлилларида қайд этилган, дея хабар бермоқда ЎзА.

Фуқаролик кодексига кўра, маънавий зарар уни етказишда айбдор бўлган шахсдан ундирилади ва уни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб белгиланади.

Прокурорлар томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар манфаатида жиноят натижасида етказилган маънавий зарарларни айбдор шахслардан ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судларга жами 3,8 миллиард сўмлик 74 даъво аризаси киритилган.  

Бош прокуратура ахборот хизматидан маълум қилишларича, тазйиқ ва зўравонлик ҳамда жинсий жиноятлар оқибатида жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доимий назоратда.

    Бошқа янгиликлар