АсосийЖамият

106 та вазирлик ва идоралардан фақат 43 таси харидлари тўғрисидаги маълумотларни очиқлаган

Андижон вилоят ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ижтимоий аҳамиятга молик бўлган бирор бир маълумотни ошкор этишмаган.

'106 та вазирлик ва идоралардан фақат 43 таси  харидлари тўғрисидаги маълумотларни очиқлаган'ning rasmi

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларнинг ўз вақтида расмий веб-сайт ва Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилиши ҳолати 106 та давлат органлари ва ташкилотларида мониторинг қилинди. Бу ҳақида Агентлик Матбуот хизмати darakchi.uz га маълум қилди.

Аниқланишича, 106 та вазирлик ва идораларга жами 1527 та мажбуриятлар белгиланган бўлиб, жорий йилнинг 2-чорак ҳолатига шулардан фақатгина 577 тасининг ижроси ўз вақтида таъминланган.

Мисол учун, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар 50 та давлат идораларидагина ўз вақтида ва белгиланган ресурсларда жойлаштирилган, ёки хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотлар 43 та вазирлик ва идоралар томонидан тўлиқ очиқ эълон қилинган.

Шу каби, иш режа тўғрисидаги маълумотлар 53 та, йиллик харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 44 та, жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги маълумотлар 36 та вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган талаблар асосида эълон қилинганлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида Андижон вилоят ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ каби ташкилотларда жорий йил ҳолатига оид ижтимоий аҳамиятга молик бўлган бирор бир маълумот юкланмаган.

Шу билан бирга, очиқ маълумотларни эълон қилишда юқори самарадорлик Спорт вазирлиги (95%), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (80%), Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (80%), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (75%), ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги (76%) томонидан қайд этилган.

Ўрганиш якунлари бўйича камчиликларни бартараф этиш ва қонунбузилишларининг келиб чиқишига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича 11 та тақдимнома киритилди.

    Бошқа янгиликлар