АсосийСиёсат

“Илгари тинимсиз "текшир-текширлар" сабаб 60 фоиз янги тадбиркор фаолияти бир йилдаёқ тўхтаб қоларди” — Шавкат Мирзиёев

Хусусий секторда 5 млн сўмдан кўп ойлик оладиганлар сони 1 млн нафардан ошди.

'“Илгари тинимсиз "текшир-текширлар" сабаб 60 фоиз янги тадбиркор фаолияти бир йилдаёқ тўхтаб қоларди” — Шавкат Мирзиёев'ning rasmi

Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман – барча-барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди.

Энг муҳими – маҳалладаги микролойиҳадан тортиб, мегалойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.

Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолар эди.

Ҳозир эса уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.

Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. 

Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди.

Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди.

Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.

Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди.

Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади.

Булар тадбиркорларимиз “сояда” ишлашдан кўра қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли деб билаётганидан далолат.

Тадбиркорлик рейтингида “А” ва “Б” – яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайди, яна 170 минг корхона “Д” – энг ёмон тоифадан чиқарилди. Бунинг ҳисобига солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра, жумладан, камерал текширувлар 3 карра қисқарди.

Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсди.

Президентимиз таъкидлаганидек, “текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса солиқчилар тушуниб етди. 

Содда қилиб айтганда, мансабдорлар тадбиркор билан мулоқот қилишга ўргатилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясалди.

Олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.

Бу – инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганидан далолат.

    Бошқа янгиликлар