Май ойида Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолёти ҳалокатига ноқулай об-ҳаво шароити ва техник носозлик сабаб бўлган. Бу ҳақда Fars агентлигига таяниб Arab News хабар бермоқда.
Тергов натижаларига кўра тузилган дастлабки ҳисоботда айтилишича, ҳалокатга саботаж ёки қандайдир ҳужум сабаб бўлгани ҳақида далил топилмаган.
"Раисийнинг вертолёт ҳалокати бўйича тергов якунланди. Бу бахтсиз ҳодиса эканлиги аниқ" дейилади хабарда.
Фалокатнинг икки сабаби аниқланган: ноқулай об-ҳаво шароити ва вертолёт юкни кўтара олмагани. Оқибатда у тоғга қулаган. Тергов шуни кўрсатганки, вертолётда хавфсизлик протоколларида назарда тутилганидан икки киши кўпроқ бўлган.
Олий раҳбар Али Хоманаийнинг эҳтимолий вориси ва кескин сиёсат тарафдори Иброҳим Раисий Озарбайжон билан чегара яқинидаги тоғли ҳудудда вертолёт ҳалокатида оламдан кўз юмган эди.