5–6 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида хавфсизлик масалаларига бағишланган илк "ШҲТ плюc" экспертлар мулоқоти бўлиб ўтади. Унда 24 давлатдан 33 та делегация ҳамда 5 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
"Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш" мавзусидаги учрашув Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов раислигида ўтказилади.
Мазкур форматни йўлга қўйиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Бу таклиф илк бор 2024 йилда ШҲТнинг Остонадаги саммитида билдирилган. 2025 йилда эса Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида биринчи экспертлар мулоқотини Самарқандда ўтказиш таклиф қилинган эди.
Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчилар ва мулоқот бўйича ҳамкор мамлакатлар махсус хизматлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар қатнашади.
Мулоқот давомида илғор технологиялар ва сунъий интеллектнинг замонавий таҳдидлар ва хавф-хатарларга таъсири муҳокама қилинади.
Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари рақамли трансформация шароитида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликнинг аниқ вазифалари ҳамда устувор йўналишларини белгилаб олиши режалаштирилган.






