Эрон давлат телеканали мамлакатга ядровий зарба берилган тақдирда аҳоли қандай ҳаракат қилиши кераклиги бўйича махсус йўриқнома эълон қилди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Телеканал эфирида фуқароларга ядровий портлаш содир бўлган тақдирда амал қилиш лозим бўлган бешта асосий тавсия берилди.
Жумладан, аҳолига кучли ёруғлик чақнашига қарамаслик, зудлик билан пана жойга яшириниш, ерга ётиб, бош ва юзни ҳимоя қилиш тавсия этилди.
Портлаш тўлқини ўтгач, энг яқин бинога кириш, воқеани томоша қилиш ёки суратга олиш учун тўхтамаслик, шунингдек, автомобиль ичида қолмаслик кераклиги айтилди. Фуқароларга дераза ва ташқи деворлардан узоқроқ туриш ҳам тавсия қилинди.
Бундан ташқари, эҳтимолий радиоактив ифлосланишдан ҳимояланиш учун тана терисини илиқ сув ва совун билан ювиш, оддий шампундан фойдаланиш, бунинг имкони бўлмаса, очиқ тери қисмларини сув ёки нам салфетка билан тозалаш зарурлиги таъкидланди.
Аҳолига фақат идишлардаги тоза сув ва қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш, бошпанада камида 24 соат қолиш тавсия этилди. Шунингдек, ушбу муддат ўтгач ҳам мустақил равишда ташқарига чиқмаслик, расмий огоҳлантиришларни кузатиб бориш лозимлиги эслатилди.
Мазкур йўриқнома АҚШнинг Эронга ядровий зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида эълон қилинди.
Америкалик журналист Тукер Карлсон АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху босими остида яқин кунларда Эронга ядровий зарба бериши мумкинлигини даъво қилди.
“Нетаньяху босими билан Трамп маъмурияти бир неча кун ичида Эронга ядровий зарба бериши мумкин”, деб ёзди журналист 2 ноябрь куни ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Карлсон эҳтимолий нишон сифатида Пикакс тоғини тилга олган. Унинг таъкидлашича, Исроил разведкаси Эрон ушбу ҳудудда уранни бойитиш дастурини қайта тиклаганини тасдиқлаган. Журналист мазкур объектнинг мудофаа тизимини бошқа қуроллар билан ёриб ўтиш имконияти чеклангани сабаб ядровий зарба ягона вариант бўлиши мумкинлигини билдирган.
Сиёсий таҳлилчи ва Эрон бўйича эксперт Вали Наср эса бундай эҳтимолни кескин танқид қилди.
“Агар бу рост бўлса, АҚШ маъмурияти учун жуда оғир айбловдир. Зеро, бундай аақлсизликка бошқа бир мамлакатнинг тазйиқи остида қўл урилаётгани вазиятни янада жиддийлаштиради”, деди у.
Айни пайтда Дональд Трамп сўнгги кунларда Эрондаги айрим объектларга зарба бериш эҳтимолига ишора қилган. Бироқ у музокаралар яхши кетаётганини ҳам билдирган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг 2 ноябрь куни маълум қилишича, 1 ноябрь куни Доҳа шаҳрида Қатар томони билан келишувга эришиш масаласида музокаралар давом этган. Бироқ ҳозирча якуний келишувга эришилмаган.






