Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён ва унинг рафиқаси Ким Хе Гённинг паспорт маълумотлари интернетга чиқиб кетди. Умумий ҳисобда Президентнинг Европа сафарида иштирок этган 168 нафар кишига тегишли шахсий маълумотлар пулли интернет платформаларидан бирига жойлаштирилган. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Очиқланган файлда шахсларнинг корейс ва инглиз тилларидаги исм-шарифи, лавозими, туғилган санаси, паспорт рақами ва ҳужжатнинг амал қилиш муддати акс этган.
Маълумотлари тарқалганлар орасида Президент маъмурияти, Ташқи ишлар вазирлиги ва давлат раҳбарини қўриқлаш хизмати ходимлари, шунингдек, журналистлар ҳам бор.
Дастлабки тахминларга кўра, мазкур файл 2 июнь куни интернетга жойлаштирилган. Бу Ли Чжэ Мённинг Бельгия, Италия ва Францияга сафари бошланишидан тахминан бир ҳафта олдин содир бўлган.
Ҳодиса юзасидан Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги хизмат текширувини бошлаган. Ҳозирда маълумотлар давлатнинг ҳимояланган тизимларидан қандай қилиб чиқиб кетгани ўрганилмоқда. Хусусан, ходимларнинг эҳтимолий хатти-ҳаракатлари, маълумотларни сақлаш тартиби бузилгани ёки ташқи аралашув бўлгани текширилмоқда.
Шунингдек, Президентнинг хорижий сафарига тайёргарлик жараёнида фойдаланилган компьютерлар ва электрон почта ҳисоблари техник текширувдан ўтказилмоқда. Ошкор қилинган маълумотларни интернетдан ўчириш ва уларнинг яна тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилган.
Президент маъмурияти паспорт маълумотлари ошкор бўлганидан хабардор эканини маълум қилган. Айни пайтда давлат раҳбари, унинг рафиқаси ва шахсий маълумотлари тарқалган бошқа расмий шахслар учун янги паспортлар расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур маълумотларни интернетда KBS телеканали журналистлари аниқлаб, Президент маъмуриятига хабар берган. Ҳозирча шахсий маълумотларнинг бошқа манбаларда ҳам тарқалганини тасдиқловчи далиллар йўқ.






