Тошкент шаҳрида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган бир неча шахс ушланди. Тезкор тадбирлар давомида жами 7 мингдан ортиқ қути акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқаролар А.И. ва Ф.К. чет элда ишлаб чиқарилган 1 539 қути "Esse Change" номли акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотларини фуқаро И.С.га 7 200 долларга сотаётган вақтида қўлга олинган.
Улардан қўшимча равишда яна олти турдаги 1 832 қути тамаки маҳсулоти ҳам олинган.
Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаролар Ф.И. ва Н.Ш. тамаки маҳсулотларини фуқаро Ш.Б.га сотаётган вақтида ушланган. Ф.И. бошқарувидаги «Gentra» автомашинаси кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан умумий қиймати 156,7 миллион сўм бўлган 123 турдаги 3 183 қути акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотлари топилган.
Шунингдек, Юнусобод туманидаги «Лашкарбеги» кўчасида жойлашган савдо дўконида фуқаро С.Х. ва бошқалар томонидан умумий қиймати 213,4 миллион сўм бўлган 97 турдаги 3 793 қути акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланган.
Барча ҳолатларда тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186¹-моддаси (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.






