АсосийДУНЁ

Украина Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди

Қайд этиш жоиз, Украина дронлари аввал ҳам Ярославль шаҳридаги мазкур нефтни қайта ишлаш заводига бир неча бор ҳужум қилган.

'Украина Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди'ning rasmi

3 ноябрь куни Украина дронлари Россиянинг Ярославль шаҳрида жойлашган йирик нефтни қайта ишлаш заводи — “Славнефть-ЯНОС” корхонасига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида завод ҳудудида бир нечта ёнғин ўчоғи юзага келди. Бу ҳақда “Meduza” нашри хабар берди.

Гувоҳлар томонидан тасвирга олинган фото ва видеоларда корхона ҳудудида камида еттита ёнғин ўчоғи кузатилган. Уларнинг бештаси йирик, иккитаси эса нисбатан кичик экани айтилмоқда.

Ярославль вилояти губернатори Михаил Евраев ҳужум оқибатида нефтни қайта ишлаш заводи инфратузилмасига зарар етганини маълум қилди. Унинг билдиришича, корхонанинг икки нафар ходими снаряд парчалари тегиши оқибатида жароҳатланган.

Шунингдек, уриб туширилган дронлар қолдиқлари бир нечта кўп қаватли ва хусусий уйларнинг деразаларига, шунингдек, автомобилларга зарар етказган. Губернатор шаҳарга ҳужум қилган 124 та дрон уриб туширилганини билдирган.

Дронлар ҳужуми сабабли Ярославлдан Москвага олиб борувчи автомобиль йўлида транспорт ҳаракати бир неча соатга тўхтатилган. Жамоат транспорти йўналишлари ҳам ўзгартирилган.

Маълумот учун, “Славнефть-ЯНОС” Россияда нефтни қайта ишлаш қуввати бўйича бешинчи йирик завод ҳисобланади. Корхона йилига 15 миллион метрлик тоннагача нефтни қайта ишлаш имкониятига эга.

    Бошқа янгиликлар